Ўзбекистон | 21:28 / 05.10.2020
13246
4 дақиқада ўқилади

Бу масала тезда ҳал қилиниши керак – Монополияга қарши қўмита Qanot Sharq дуч келган муаммо ҳақида гапирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов йил бошида тасдиқланган давлат стратегиясида 2020 йилда камида 5та янги маҳаллий авиакомпания ташкил қилиш белгилангани, лекин бу бўйича ишлар етарлича бажарилмаётганини айтиб ўтди.

Бу ҳақида у Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Монополияга қарши курашиш қўмитасида ўтказилган  тадбирда тўхталиб ўтди.

«Ҳозирча фақат Humo air компанияси очилган, лекин у Uzbekistan Airways’га рақобатчи эмас. Унинг йўналиши бошқа. Агар 5та авиакомпаниядан биттаси ташкил этилган деб ҳисобласак ҳам, Транспорт вазирлиги зиммасида яна 4та авиакомпания очиш турибди. Лекин рақобатчини ҳали кўрмадик.

Масаланинг яна бир тарафи бор - рақобатчилар ҳам келяпти, бу бўйича бизга мурожаат ҳам келиб тушган. Маълум муддат фаолият юритиб, танаффусдан сўнг яна иш бошламоқчи бўлган Qanot Sharq авиакомпанияси аэропортга бориб шартнома тузиш истагини билдирган. Бироқ унга ҳали нарх тасдиқланмаганини, шунинг учун у билан шартнома тузилмаслигини айтишган. Ваҳоланки, янги нарх тасдиқланиши шарт эмас», дейди қўмита раиси.

Қайд этилишича, қонунчиликка кўра, нархлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда Молия вазирлигига топширилади. Лекин янги нарх тасдиқлангунча амалда бўлиб турган эски нархлар бор.

«Янги компания тузилаётганда 2та йўл бор. Биринчиси, молия вазирлиги томонидан тасдиқланган нарх асосида янги компания билан шартнома тузиш, лекин Uzbekistan Airways АЖ учун нархни қимматроқ қилиб қайта кўриб чиқиш керак бўлади. Иккинчиси, Qanot Sharq авиакомпаниясига нисбатан Uzbekistan Airways учун қўлланаётган нархдан пастроқ нарх қўллаш керак бўлади.

Бу бўйича биз тегишли вазирликлар билан ёзишмалар қилдик ва иккинчи компанияга тегишли нархдан пастроқ нарх қўллаш тавсия қилинди. Лекин Uzbekistan Airports бу масалани ҳали ҳал қилмади. Агар бу масала бир-икки кун ичида ҳал қилинмаса, вазифамиздан келиб чиққан ҳолда иш қўзғатишимизга тўғри келади», дея қайд этди Нажмиддинхўжа Шарипов.

У бу ҳам ечим эмаслиги, бу ҳолатда тадбиркор вақт йўқотишини қайд этиб ўтди.

«Шунинг учун Транспорт вазирлиги ва Uzbekistan Airports бу масалани тезда кўриб чиқиши керак. Ёки янги авиакомпания учун ҳам нархни Uzbekistan Airways билан бир хил қилиш керак ёки Uzbekistan Airways АЖ тарифини молия вазирлигининг таърифидаги даражага етказиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам бир хилликка эришиш керак», деди у.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев масалага муносабат билдириб, маҳаллий авиакомпаниялар тузиш, уларга шароит яратиш бўйича вазирлик томонидан бор имкониятлар ишга солинаётганини айтиб ўтди.

«Qanot Sharq компанияси вакиллари билан ҳам бир неча марта учрашиб, концепциясини ўрганганмиз. Авиакомпания фаолиятида аэропорт тарифлари катта рол ўйнайди. Тарифнинг базасини бу ҳолатда аниқлаш шарт, чунки бу кейинги фаолиятда аэропорт тарифлари катта рол ўйнайди.

Биз унга резидент компаниялар учун қўлланадиган эски нархлар асосида фаолият юритишига вақтинча рухсат бердик. Qanot Sharq компанияси ҳозир ҳаво компаниялари ишлаб чиқарадиган ва лизинг берадиган корхоналар билан музокаралар олиб бормоқда. Бунга ҳали 2-3 ой вақт кетади», дея жавоб берди вазир ўринбосари.

  • Маълумот учун, Qanot Sharq 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания ўлароқ ўз чартер рейсларини амалга оширган. Компания 150 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Барча Ил-76 самолётлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўтказилгач, Qanot Sharq’нинг эксплуатантлик сертификати тўхтатилган.
  • 2019 йил августида Qanot Sharq Ўзбекистонда ҳудудий авиакомпания ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилинганди. Компания бошланишига 2-3та самолёт олиш ва ўз флотини мунтазам равишда кенгайтиришни режалаштираётганди.

Мавзуга оид