Иқтисодиёт | 20:24 / 02.11.2020
26375
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк олтин қуймалар сотувга чиқарилганини маълум қилди

Оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқармоқда. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

“Оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва ўз серия рақамига эга бўлади”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.

Маълумот учун: Маржа ва чегирма миқдорлари ўлчовли қуймаларнинг муомалага чиқарилиши ва муомалада бўлиши билан боғлиқ операцион харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида тижорат банки томонидан ёмби эгасига тўловни дарҳол амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.

Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади.

Қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.

Сентябрь охирида жисмоний шахслар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини мамлакат ҳудудидан ташқарига чекловларсиз олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлишганди.

Мавзуга оид