Жаҳон | 20:30 / 18.11.2020
6417
2 дақиқада ўқилади

“Вазирлик ишида хатоларга йўл қўйилди ва бунинг учун жавобгарлик менинг зиммамда” – Дания қишлоқ хўжалик вазири истеъфо берди

Вазирнинг сўзларига кўра, у парламент розилигини олмасдан туриб коронавирусга қарши курашиш учун миллионлаб қоракўзанларни қириб ташлаш қарорини чиқариб хатога йўл қўйган.

Фото: AP

Дания қишлоқ хўжалиги вазири мамлакатдаги барча қоракўзанларни қириб ташлаш режаси билан боғлиқ вазият туфайли истеъфога чиқишини маълум қилди.

 "Бугун бош вазирни ҳукуматни тарк этмоқчи эканлигимдан хабардор қилдим", - дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Associated Press.

 "Мен раҳбарлик қилган вазирлик ишида хатоларга йўл қўйилди ва бунинг учун жавобгарлик менинг зиммамда", - деб қўшиб қўйди у.

 Вазирнинг сўзларига кўра, у парламент розилигини олмасдан туриб коронавирусга қарши курашиш учун миллионлаб қоракўзанларни қириб ташлаш қарорини чиқариб хатога йўл қўйган.

4 ноябрда Дания ҳукумати одамлар орасида коронавируснинг қоракўзанларда мутацияга учраган шакли билан касалланиш ҳолатлари аниқлангандан кейин мамлакатда етиштирилувчи барча қоракўзанларни йўқ қилишни буюрганди. Маҳаллий фермерлар бу қарорга норозилик билдирган, ОАВ эса қонун бундай қарор чиқаришга имкон бермаслигини ёзганди.

Норозиликлар ортидан Дания ҳукумати мамлакатдаги 15 млн бош қоракўзанни йўқ қилиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини парламентга киритди. 17 ноябр куни эса парламентдаги партиялар ушбу қарорни қўллаб-қувватлагани хабар қилинди.

 Охирги маълумотларга кўра, Даниядаги қоракўзан етиштирувчи фермаларнинг 200дан ортиқ ишчиси коронавирус юқтирган, 283та фермадаги жониворлар коронавирусга чалинган, 265та фермада барча жониворлар йўқ қилинган. Мамлакатда 1139та ана шундай ферма фаолият олиб боради, уларда 6000дан ортиқ киши ишлайди. Бу фермалар жаҳон бозоридаги қоракўзан мўйналарининг 40 фоизини етказиб беради.

Аввалроқ Испания, Италия, Нидерландия, Швеция, Греция ва АҚШдаги қоракўзан етиштирувчи фермаларда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилганди.

Мавзуга оид