Ўзбекистон | 23:35 / 25.11.2020
2947
2 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳур туманидаги кўп қаватли уйларга 81та янги лифт ўрнатилади

Аввалроқ пойтахтдаги Технопаркда лифт ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилганди.

24 ноябр куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани сектор раҳбарлари сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қабулда фуқаролар Янги Белтепа маҳалласидаги кўп қаватли уйларда лифт ишламаслиги муаммосини кўтарди. Фуқароларнинг айтишича, бу лифтлар унчалик ҳам эскирмаган, электрон лифтлар бўлишига қарамай, 2019 йилнинг апрел ойидан буён ишламайди.

Мурожаатга жавобан ушбу кўп қаватли уйга лифтлар бир ой ичида ўрнатиб берилиши маълум қилинди. Туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев бу масалада шахсан ўзи назорат олиб бораётганини маълум қилди.

«Бундай ҳолатлар масъулларнинг жойларда етарли даражада фаолият олиб бормаётгани сабабли келиб чиқмоқда. Бу – жиноят... Такрорлайман, 2019 йил апрелдан бери лифт ишламаса, бу – жиноят.

Сўнгги бир ойда 6 та янги лифт алмаштирдик. Жуда кўп лифтларимиз талабга жавоб бермайди, муддати ўтиб кетган, тез-тез бузиладиган бўлиб қолган. Туманимиз бўйича кўп қаватли уйларга 81 та лифт ўрнатишни мақсад қилганмиз.

Тошкентдаги лифт заводи ишга тушишини кутдик. Шу заводнинг энг биринчи маҳсулотини туманимиздаги уйларга ўрнатдик. Улар ҳозир синов муддатини ўтамоқда.

Ҳаммаёқни асфалт қилдик, уйларнинг фасадларини қилдик, бир оғиз бу ҳақида ҳеч ким индамади. Маҳалла идорасида йиғилишлар ўтказдик. Нега маҳалла раиси айтмаган? Бунақа маҳалла раисини боридан йўғи яхши. Нега шу масала шу вақтгача ҳал қилинмади? Ким айбдор бунга? Бу – жиноят; агар ҳақиқатан ҳам шунча пайтдан бери лифт ишламаётган бўлса», – деди туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Технопарк таркибида лифт ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид