Жаҳон | 17:09 / 01.12.2020
8108
2 дақиқада ўқилади

Пентагон: БАА Ливиядаги «Вагнер» жангчиларини молиялаштирмоқда

Бирлашган Араб Амирликлари Ливия шарқидаги қуролли низоларда Россия хусусий ҳарбий компанияси «Вагнер»нинг аскарларини молиялаштирмоқда.

Бу ҳақда Африкадаги антитеррористик операцияларга жавоб берувчи Пентагон бош инспекторининг ҳисоботида айтилган.

«Foreign Policy» нашрининг маълум қилишича, Пентагоннинг ушбу ҳисоботи Форс кўрфазидаги АҚШ-БАА иттифоқи муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ Конгрессидаги демократлар президент Доналд Трамп администрацияси томонидан эришилган шартномани бекор қилишга уринмоқда. Шартномада БААга 23 миллиард долларлик F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш назарда тутилган.

«Вагнер» норасмий қуролли тузилма бўлиб, ОАВларда унинг Россияга тегишли экани ёзилади. Ушбу гуруҳ 2014 йилдан бери Украина шарқида, сўнг Сурияда ва Африканинг турли ҳудудларида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Расмий Кремль Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган бизнесмен Евгений Пригожин орқали молиялаштириладиган гуруҳ билан алоқаси борлигини рад қилиб келади.

2017 йил июн ойида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Шундан сўнг унинг умумий қабул қилинган ушбу номи маълум маънода қонунийлашади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид