Ўзбекистон | 21:34 / 03.12.2020
30478
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди

Файзулла Бўриевич Маманов Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда 3 декабр куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди. 

Файзулла Маманов 1977 йилнинг 21 октябрида Қизириқ туманида туғилган. 1999 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти, 2004 йилда Тошкент молия институти, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис, иқтисодчи.

У 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси, 2005-2008 йилларда Ўзбекистон либерал-демократик партияси ижроия қўмитаси аппарати, 2008-2010 йилларда Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси, 2010-2013 йилларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, 2013-2019 йилларда Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасида масъул лавозимларда ишлаган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 2019 йилнинг январидан бери Тошкент вилояти, Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг май ойидан Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган Рустам Пардаев 2020 йилнинг ноябр ойида Денов тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Бугун кун давомида Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Зиёдулла Давлатов Шеробод тумани ҳокими этиб тасдиқлангани, Жарқўрғонда унинг ўрнини Қурилиш вазири ўринбосари Баҳодир Ўроқов эгаллагани хабар қилинганди.

 

Мавзуга оид