Қиш. Совуқ фасл. Кўпчиликни қийнайдиган қатор муаммолар устига турли ҳудудлардаги аянчли ёнғинлар, ис гази туфайли ўлимлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолган давр. Яна бозорларнинг устма-уст ёниши ҳам кишида шубҳа ўйғотиши табиий. Ёнғин хавфсизлигига оид шу ва бошқа масалалар бўйича ФВВ бошқарма бошлиғи Зулфиқор Қиличов билан суҳбатлашдик.
– Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати пасайгани ёнғинлар сонига таъсир қилиши ҳам табиий. Бу борадаги аниқ рақамлар борми? Яъни ўтган йилнинг айни шу 10 кунлиги ва бу йилдаги 10 кунликдаги кўрсаткичлар қандай фарқланади?
– Минг афсуски, эҳтиёт чораларига, тарғибот тадбирларига қарамай бу муддатда ёнғинлар сони ортган. 2020 йилнинг 18 ноябридан 27 ноябрига қадар, яъни 10 кун мобайнида республикада 482 та ёнғин қайд этилиб, бу ҳодисалар оқибатида 11 киши вафот этган ҳамда 10 киши куйиш тан жароҳати олган. 2019 йилнинг худди шу даврида 388 та ёнғин содир бўлиб, 7 киши вафот этган, 9 киши куйиш тан жароҳати олган. Кўриниб турибдики, бахтсиз ҳодисалар сони салкам 100 тага ошган.
– Сўнгги пайтларда бозорлардаги ёнғинлар сонига оид хабарлар кўпайди. Бу борадаги статистика қандай ва нега айнан бозорлар? Бозорлар атайлаб ёқилишига оид тахминларга қандай қарайсиз ва бу борадаги суриштирувлар ҳақида маълумот берсангиз?
– 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида республика ҳудудидаги бозорлар ва савдо компексларида 9 та ёнғин содир бўлиб, оқибатида 369 млн сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Содир бўлган ёнғинларнинг 8 таси электр ускуналаридан фойдаланиш ва тузилиш қоидалари бузилишидан, биттаси чекиш вақтида эҳтиётсизликдан деб топилиб, Давлат ёнғин назорати ҳамда ички ишлар органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Ҳар бир ёнғин ҳолати бўйича алоҳида суриштирувлар олиб борилади.
– Жуда оғриқли ва жиддий муаммо – ис газидан заҳарланиш. Яқинда Ховосдаги бир оиланинг 4 нафар аъзоси, она ва уч боласи вафот этгани аянчли ҳолат. Нега бундай ҳолатлар камаймаяпти?
– Чиндан ҳам бу жуда аянчли ҳол. Ҳар бир ҳолат барча юртдошларимизни ва биринчи навбатда бизни қаттиқ ўйлантиради.
Статистик маълумотларга кўра, республикада сўнгги уч йил ичида кузги-қишки иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ.
Айтиб ўтиш керакки, олиб борилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларга қарамасдан, афсуски, ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар ҳамон давом этмоқда. Бунинг асосий сабаблари сифатида қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:













