Ўзбекистонда қоғоз хомашёсига йиллик талаб 290 минг тоннадан ортиқ. Шундан 140 минг тоннадан ортиғи – офсет ва газета қоғозларига тўғри келади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги йиғилиш баёнида ёзилган.

Давлат статистика қўмитасининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон 2019 йилда жами 11,2 млн долларга 8,3 минг тонна қоғоз ва картон маҳсулотлари экспорт қилган бўлса, шу даврда қарийб 213 минг тонна қоғоз маҳсулотларини импорт қилиш учун 247,2 млн доллар сарфлаган.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон биргина қоғоз маҳсулотлари учун каттагина миқдорда валюта сарфламоқда. Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилиш баёнида ҳам бу хусусда маълумот келтириб ўтилган.

Албатта, вазиятни ўнглаш учун мамлакат катта салоҳиятга эга, бунинг учун тошдан қоғоз ишлаб чиқаришни жадал суръатларда кўпайтириш талаб этилади. Зеро, 2019 йил июлда Фарғонада МДҲ мамлакатларида илк бор тошдан (оҳактош) қоғоз ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ишга туширилди.

Давлат раҳбари 2019 йил 6–7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишиб, ушбу инвестиция лойиҳасини ва инновацион технологияли қоғоз ишлаб чиқаришни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.

Афсуски, айрим туманларда раҳбарлар ўзгариши ортидан аввалги ҳокимлар чиқарган қарорларни бекор қилиш оқибатида бу топшириқни бажариш ҳам сунъий тўсиқларга дуч келмоқда.

Хусусан, Бухоронинг Когон туманида оҳактош (кальций карбонат)дан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 4 млн АҚШ долларига тенг ишлаб чиқариш корхонасини барпо қилиб, 100дан ортиқ одамни иш билан таъминлашни режа қилган ёш тадбиркор йигит – Беҳзод Тошев бугунги кунда боши берк кўчага кириб қолган. Kun.uz унинг муаммоларини ўрганди.