Жамият | 12:10 / 17.12.2020
10885
3 дақиқада ўқилади

Адолат қарор топди. Олий суд эгалик қилиб келган квартира ўз эгасига қайтди

Тергов ва суд идораларининг ноқонуний қарорлари сабаб яшаб турган уйидан айрилган фуқаро Рустам Камаловга оид ишда ниҳоят адолат қарор топди. Олий суд эгалик қилиб келган квартира 9 йил деганда ўз эгасига қайтадиган бўлди.

Фуқаро Рустам Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиалига нисбатан 2011 йил 19 майдаги аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ва Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонни Олий суд эгалигидан қайтариб олиш ҳақида судга даъво аризаси киритган эди.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг шу йил 3 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Рустам Камаловнинг жавобгар Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиали ва Ўзбекистон Республикаси Олий судига нисбатан 2011 йил 19 май куни ўтказилган аукцион баённомасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.

Ҳал қилув қарори билан Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиали томонидан 2011 йил 19 май куни ўтказилган аукцион савдоси натижасига оид 204-сонли баённома ҳақиқий эмас деб топилди ва ҳақиқий эмаслик оқибатлари қўлланилиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судига Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадон Камалов Рустам Мухсиддиновичга қайтариб бериш мажбурияти юкланди.

Шунинг билан, ҳеч бир сабабсиз уйидан айрилиб, 9 йил давомида ижарама-ижара сарсон бўлиб юрган оила, ниҳоят, уйини қайтариб оладиган бўлди.

“Олий суд ва фуқаро манфаатлари кесишмоқда. Адолат ютадими ёки манфаат?” дея савол қўйган эдик ушбу мавзудаги мақолаларимиздан бирида.

Буни қарангки, адолат ютди!

Очиғини айтганда, Камаловларга оид туркум мақолаларимизни ёзишни бошлаганимизда, Олий суднинг ушбу вазият бўйича муносабати билан таниша туриб, “масала бирорта қуйи судда кўриладими ёки Олий суддами, якунда барибир Олий суд фойдасига қарор чиқарилса керак” деган гумонларга ҳам борган эдик. Аммо мана, ҳақиқат бор экан, иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди бевосита манфаатдор бўла туриб, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси ҳеч иккиланмай ҳақиқатга тик боқди ва ўз уйидан ноҳақ ҳайдалган оиланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб берди. Судлар мана шундай адолат билан ишласагина одамларда судларга бўлган ишонч юқорилайди.

Маълумот учун, жорий йил 6 феврал куни Kun.uz сайтида «Хатолик туфайли уйидан ҳайдалган фуқаро адолат истамоқда. Уйни эса Олий суд ўзиники қилиб олган» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда фуқаро Р.Камаловнинг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 19-мавзедаги хонадони ноқонуний равишда олиб қўйилгани ва бугунги кунда Олий суд эгалигида қолиб, эгасига қайтарилмаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Мазкур мақола эълон қилингач, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдириб, уйни Олий суд ихтиёрига олиниши қонун доирасида бўлганлигини ва у қайтариб берилмаслигини маълум қилган эди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид