Қуйидаги фотогалереяда одамни йиғлашга ҳам, хурсанд бўлишга ҳам ундайдиган, ҳаяжонга солувчи ва қўрқитувчи, одамийликка ишонч йўқолмаганини кўрсатувчи суратлар жамланди.

Фото: EPA/Vostock-photo

2019 йил ноябрида Австралияда бошланган ўрмон ёнғинлари 2020 йил январининг илк кунларида авж олди. Ёнғин жами 100 минг квадрат километрдан ортиқ майдондаги ўрмонларни йўқ қилиб, миллиарддан ортиқ жониворларнинг ҳаётига зомин бўлди. Вайронкор олов коалаларнинг учдан бир қисмини қириб юборди. Австралия табиати аввалги ҳолатига қайтиши учун камида бир аср талаб этилади.

Фото: EPA/Vostock-photo

3 январ куни Бағдодда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етакчи қисми бўлмиш «Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Ироқда уни йўқ қилиш амалиёти АҚШ президенти Доналд Трамп топшириғи билан ўтказилди. Эрон Сулаймонийга уюштирилган суиқасд жавобсиз қолдирилмаслигини ваъда қилди. Мамлакат бўйлаб ўн минглаб эронликлар кўчаларга чиқишди ва Америкага қарши шиорлар айтиб, АҚШ байроқларини ёқишди. Ижтимоий тармоқларда учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. 

Фото: Zuma/ТАСС

13 январ куни Филиппин пойтахти Маниладан 70 км масофада жойлашган Таал вулқони уйғонди ва ундан лава оқа бошлади. Вулқондан атрофга қуюқ тутун тарқала бошлагач, яқин атрофдаги ҳудудлардан 8 минг киши эвакуация қилинди.

Фото: Reuters

15 январ куни РФ президенти Владимир Путин Федерал йиғилишга мурожаат қилди, ундаги асосий мавзу РФ Конституциясига ўзгартириш киритилиши эҳтимоли ҳақида эди. У олий мартабали амалдорларнинг хорижий давлат фуқаролигини олишини тақиқлаш, парламент, губернаторлар ва Давлат кенгаши мавқейини кучайтириш ташаббусларини билдирди. Унинг мурожаатидан кейин Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога кетди.