Жаҳон | 19:06 / 08.01.2021
3732
2 дақиқада ўқилади

Эронга АҚШ ва Британиядан коронавирусга қарши вакциналар олиб кириш тақиқланди 

Эроннинг олий етакчиси оятуллоҳ Али Ҳаменеий Эронга АҚШ ва Британияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакциналарнинг импорти тақиқланишини маълум қилди.  

Фото: EPA/Vostock-photo

“Мамлакатга АҚШ ва Британиядан вакциналар импорти тақиқланади. Мен бу борада ҳукумат билан гаплашдим ва ҳозир буни очиқча айтмоқдаман”, деб айтган Ҳаменеий Эрон телевидениеси эфирида.

Ҳаменеийнинг таъкидлашича, у АҚШ ва Британияда ишлаб чиқилган вакциналарга ишонмайди, чунки ғарб давлатлари “баъзи ҳолатларда ўз вакциналарини бошқа халқларда синаб кўрмоқчи бўлмоқда”. У Эрон ўзи ишонадиган давлатлардангина вакцина сотиб олишга тайёрлигини таъкидлаб ўтган.

“Агар америкаликлар ҳақиқатан ҳам самарали вакцина ишлаб чиққанида, ҳозирдагидек вазиятда бўлмасди. Улар ҳар куни 4 минглаб ўлим қайд қилмасди. Худди шу гап Британияга ҳам тегишли”, деб қўшимча қилган Эрон олий етакчиси.

29 декабрда Tasnim ахборот агентлиги Эронда маҳаллий вакцинанинг одамларда синалиши бошланганини маълум қилган. Таъкидланишича, синовларнинг 1-босқичи Теҳронда ўтмоқда ва уларда 56 кўнгилли иштирок этади.

Ҳозирда Эрон коронавирус борасида Яқин Шарқдаги энг эпидемиологик номақбул давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда пандемия бошидан бери вирусдан 1,2 млндан кўпроқ касалланиш ҳолати, 56 мингга яқин ўлим қайд этилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид