Ўзбекистон | 20:29 / 18.01.2021
5336
3 дақиқада ўқилади

Баҳодир Юсупалиев: «Спутник V»нинг 3-клиник синов босқичлари натижалари маълумотлари ўрганилмоқда

Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини тезкор сертификациялаш масаласи устида ишланмоқда ва вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ССВ матбуот хизматига берган интервьюсида маълум қилган.

Фото: Anton Vaganov/REUTERS

«Ҳозирда ушбу вакцинанинг яроқлилиги, хавфсизлиги ва сифати юзасидан лаборатор текширишларни ўтказиш мақсадида Россия Федерациясининг ишлаб чиқарувчиларидан махсус текширув тестлари ва реагентлар сўралган. Ушбу реагентлар ва тестлар келгандан сўнг қисқа муддат ичида текширувлар ўтказилиб, вакцина яроқлилиги ва хавфсизлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилади ва уни республикамизда ишлатиш мумкинлиги тўғрисида хулоса қилинади», деган Баҳодир Юсупалиев.

Унинг билдиришича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Россиянинг тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси билан «Спутник V» вакцинаси бўйича мунтазам мулоқотлар амалга оширмоқда. Мазкур жамғарманинг масъул ходимлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, 100 доза вакцина олиб келган. Ушбу вакцина 20 даража совуқ ҳароратда сақланишни талаб этади. Вакцина 3 мл флаконда 5 дозадан қадоқланган бўлиб, бир нафар фуқарога 0,5 мл миқдорида эмлаш тавсия этилган.

Унинг айтишича, бугунги кунда ушбу вакцинанинг Россияда 12 минг нафар кўнгиллида ўтказилган 3-клиник синов босқичлари натижалари бўйича маълумотлар маҳаллий мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Шунингдек, 25 минг нафар кўнгиллида ўтказилган синовлар натижалари тўғрисида маълумотлар Россия томонидан тақдим этилиши кутилмоқда.

«Спутник V» вакцинасининг Ўзбекистонга олиб келиниши, рўйхатдан ўтказилиши, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, вакцинацияни бошлаш тадбирларини ўз ичига қамраб олган йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу ишлар ҳамкорликда амалга оширилишини инобатга олган ҳолда имзолаш учун Россияга юборилган.

Баҳодир Юсупалиев республикада синов жараёнида бўлган Хитой вакцинаси бўйича ҳам тўхталиб ўтган.

«Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасининг хавфсизлиги ва COVID-19 инфекциясининг олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида 5000 нафар кўнгилли орасида 3-босқич клиник тадқиқотлари ўтказилмоқда. Юртимизга 8 нафар хитойлик мутахассис ташриф буюришган ва айни пайтда 3133 нафар кўнгиллида вакцинациянинг клиник синовлари амалга оширилган, ножўя таъсирлар кузатилмаган», деган у.

Унинг маълум қилишича, жараёнлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қошида иммунизация тадбирлари олиб бориш мақсадида юқори малакали мутахассислардан иборат штаб фаолият кўрсатмоқда.

  • Бундан аввалроқ Юсупалиев Ўзбекистонга Pfizer ва BioNTech компанияларининг 100 минг доза вакцинаси келтирилишини маълум қилганди.
  • Шунингдек, Bloomberg Ўзбекистон Россиянинг Гамалея институти томонидан ишлаб чиқарилган 70 миллион доза вакцинани сотиб олиши ҳақида хабар тарқатганди.

Мавзуга оид