Ўзбекистон | 15:38 / 19.01.2021
9573
2 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: 2021 йил режасида депутатлар талабалар турар жойлари қуриш ҳақида таклиф бермаган

19 январ куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 31-сессиясида кенгаш раиси – шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.

Сессияда давлат раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий дастурларни тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбирда Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов талабалар турар жойлари муаммосига ҳокимнинг эътиборини қаратди.

“Албатта, шаҳримиз бюджетида бунинг учун маблағ бор. Аммо маҳаллий бюджетни тақсимлаш ваколати 60 нафар депутатга берилган. Муҳими ана шу энг зарур вазифаларни танлаб олиш. 2021 йил учун таклифлар сўралганда депутатлар талабалар турар жойлари қуриш ҳақида таклиф бермаган, яъни улар бу масалани муҳим деб ҳисобламаган.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз ректорлардан бир илтимосим бор. Тошкент шаҳрида яшовчи талабалардан бир сўров ўтказиб берсангиз. Улар қанақа нархда, қандай шароитда турар жой хоҳлашяпти? Шуни билиб олсак, биз тадбиркорга аниқ таклиф берган бўлардик”, – деди Ортиқхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда талабаларни ҳамёнбоп турар жой билан таъминлаш масаласи ҳар доим долзарб бўлиб келган. Олий таълим вазирлиги вакили Отабек Бозоров талабаларнинг фақат 27 фоиз турар жой билан таъминланаётганини билдирган эди.

Мавзуга оид