
Фирдавс Kun.uz мухбири билан суҳбатда АҚШга ўқишга кириши қандай бўлгани ва келгусидаги режалари ҳақида гапириб берди.
«Ҳужжат топширишдаги энг муҳим жараён – иншо»
— АҚШда ўқиш учун ҳужжат топшириш фикри ёз ойларида келган эди. Ўша пайтдаёқ у ердаги университетлар, уларнинг талаблари ва ҳужжат топшириш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқа бошладим.
Кўп ўтмай commonapp.org платформаси ҳақида билиб олдим. Бу платформа АҚШдаги олийгоҳларга кириш учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар, сертификат ва шахсий ютуқларни юклаш, кўнгилдагидек портфолио ва анкета тайёрлаш имконини беради.
АҚШдаги нуфузли университетларга ҳужжат топшириш жараёнидаги энг мураккаби ва эътибор қаратиш муҳим бўлган жиҳат бу – иншодир.
АҚШ олийгоҳлари сизнинг баҳоларингизга қарамайди, чунки бутун дунё бўйлаб жуда яхши академик кўрсаткичга эга минглаб номзодлар бор. Сиз бутун дунёдан ҳужжат топширувчи номзодлар билан рақобатлашасиз. Шунинг учун олийгоҳлар баҳоси яхши бўлганларни эмас, ўзларига мос келадиган шахсларни излашади.
Иншо шаклида ёки конференцмулоқот шаклида сизга турли саволлар беришлари мумкин. Мана шу саволларга жавоб бериш асносида ўзингизни кўрсата олишингиз муҳим. Қандай инсон эканингиз, ўзига хосликларингиз ҳақида гапириб беришингиз керак. Шунда университет сизнинг характерингиз ва шахсиятингиз бўйича хулосалар қилиб, уларга мос келиш-келмаслигингизни аниқлайди.


АҚШ университетларига грант ютиб олгани учун 2020 йил декабрида Фирдавсга президент совғаси (компьютер) топширилди.
«Топ-200таликка кирувчи университетдан жавоб кутяпман»
— 8–9 синфда мактабда иқтисодиёт фани ўтила бошлангач, менда бу соҳага нисбатан қизиқиш ва уни чуқур ўрганиш истаги уйғонди. АҚШ университетларига ҳам айнан иқтисодиёт бўйича бакалавр босқичи учун ҳужжат топширганман.
Ксавье университетига 89 минг доллар, Жон Кэролл университетига эса 96 минг доллар грант ютиб олдим.
Аммо ҳали бу икки университетдан бирини танлаганим йўқ. Чунки Америкадаги яна учта олийгоҳдан жавобларни кутяпман. Улар феврал–март ойида жавоб беришлари керак.










