Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда болалар веломарафонини ўтказиш йўлга қўйилади
Веломарафон 2021 йилдан бошлаб анъанавий равишда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб анъанавий тарзда болалар веломарафонини ўтказиш режалаштирилмоқда. Марафон Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ўтказилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козимхўжа Ўринбойхўжаев Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ўринбойхўжаевга кўра, мактабгача таълим ташкилотларида беговел (педалсиз велосипед)лардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
«Дунё тажрибасидан кўринмоқдаки, 2 ёшдан 5-6 ёшгача бўлган болалар орасида беговеллардан фойдаланиш оммалашмоқда. У АҚШ ва Европада болалар транспортининг энг машҳур тури ҳисобланади. Беговелнинг асосий афзаллиги – бола педалли велосипедга қараганда мувозанатни сақлашни осонроқ ўрганади. Ундан фойдаланиш мушак-скелет тизимини ривожлантиради, ҳаракатлар тезлигини мувофиқлаштиради.
Шу нуқтайи назардан, мактабгача таълим тизимида беговеллардан фойдаланиш лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳанинг пилот босқичи Тошкент шаҳридаги 13та мактабгача таълим ташкилотида амалга оширилмоқда. Болаларнинг беговелдан тўғри фойдаланишини таъминлаш мақсадида боғча тарбиячиларига спорт мураббийлари томонидан махсус ўқув машғулотлари ўтказилди.
Мазкур лойиҳа экологик тоза транспорт воситаси бўлган велосипедни болалар орасида оммалаштиришни мақсад қилади. Лойиҳа пилот босқичида муваффақиятли амалга ошса, боғчалардаги беговеллар сони оширилади ва бу бутун республика бўйича йўлга қўйилади», – дея бош котибнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг дастлабки босқичи учун боғчалар Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги идораси томонидан 400та, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тарафидан 500та беговел билан таъминланган.
«2020 йилнинг 18 ноябр куни ЕХҲТ, Мактабгача таълим вазирлиги ва Велоспорт федерацияси ўртасида меморандум имзоланган. Ушбу ҳужжат асосида, беговеллар лойиҳаси билан боғлиқ равишда 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда болалар веломарафонини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бу – болаларнинг ҳаваскор сифатида велоспортга қизиқишини ошириш билан бирга, профессионал спортга ўтиши учун платформа вазифасини ҳам бажаради», – дея қўшимча қилди Козимхўжа Ўринбойхўжаев.
Мавзуга оид
10:24 / 03.06.2026
Саида Мирзиёева ЕХҲТ бош котиби Феридун Синирлиўғлу билан учрашди
19:26 / 21.05.2026
Шавкат Мирзиёев ЕХҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
11:45 / 24.01.2026
Хоразмда хусусий боғча вафот этган болаларни тарбияланувчи сифатида кўрсатиб, субсидия ўзлаштирди
10:23 / 16.01.2026