Жаҳон | 20:48 / 07.02.2021
25581
13 дақиқада ўқилади

Навальнийни яна суд қилишмоқда. У бу гал уруш фахрийсига туҳмат қилишда айбланган

Жума куни россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийга қарши яна бир суд иши бошланди. Бу сафар Навальний уруш қатнашчиси бўлган фахрийни ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Фото: Getty Images

Иш нимадан бошланганди?

Россия конституциясига ўзгартириш киритиш орқали Владимир Путиннинг шу вақтгача президентликка сайланган муддатлари бекор қилинганди. Ана шу масаладаги референдумда одамларни «ҳа» дейишга ундайдиган тарғиботда 94 ёшли уруш қатнашчиси Игнат Артеменко ҳам қатнашган. Улар Путиннинг тахтда қолиши муҳимлигини айтиб, ўзгаришлар учун овоз беришни тарғиб қилган. Алексей Навальний бу видео ҳақида твиттерда ёзиб, иштирокчиларни «мамлакат учун уятли бўлган одамлар» деб атаган. Шу иш бўйича Навальний устидан иш очилган.

Судга Навальнийни «Матросская тишина» номли ўзи сақланаётган тергов изоляторидан олиб келишган. Бу судда ҳам прокурор сифатида Навальнийнинг шартли жазосини ҳақиқийсига алмаштирган Екатерина Фролова ишлади. Ўшанда Фролова сиёсатчини жазони ўташ колониясига ўтказишни сўраган ва суд унинг талабини бажарганди.

Навальний ва ҳазиллари

Алексей Навальний суд жараёнини ўзини камситиш учун қилинаётганини айтган ҳолда жараён давомида кўп марта ҳазил қилди. Судья одатий сўроқ жараёнини бошлаганда Навальний «Узр, қўлингизни кўрмаяпман» деб ҳазиллашди. «Сизга нисбатан очилган иш билан танишиб чиқдингизми?», деган саволга сиёсатчи «Умуман кўрмадим. Август ойидан буён фавқулодда ишим кўпайиб кетди, шу сабаб бу иш билан танишишга вақтим бўлмади», деб жавоб берди.

Навальний суд бошида жабрланувчи Артеменко ниқобда турганига эътибор берди: «Барака топгурлар, ёрдамга муҳтож бўлган бу одамдан қўғирчоқ тариқасида фойдаланиб нима қиласиз? Унга ҳеч бўлмаса ётиб, ниқобини ечишига имкон беринг. Шунингдек, адвокатим билан гаплашиб олиш учун вақт сўрайман», деди Навальний. Унга адвокати билан гаплашиб олиш учун вақт берилди.

Судья иш бошида айбловни ўқиб эшиттирди ва Навальний Артеменкони била туриб ҳақорат қилганини айтди. Навальний эса бу одамни ҳақорат қила олмаслигини, чунки у билан таниш эмаслигини айтди. «Ҳеч қанақа Артеменкони танимайман. Шунингдек, ундан безбетларча фойдаланаётган қариндошларини ҳам», деди сиёсатчи.

Навальнийнинг адвокатлари айблов асоссиз эканини, чунки ўзини ҳақорат қилинган деб атаётган одам масала нима ҳақида эканини тўлиқ англаши талаб қилинишини айтган. Шунингдек, Навальнийнинг сўзлари фақат даъвогар томонидан ҳақорат деб топилгани аслида ҳам бу сўзлар ҳақорат эканини англатмаслиги айтилди. «Бу ишда Навальний ўзини нимадан оқлаши ҳам аниқ эмас», деган адвокат.

Сиёсатчининг ўзига сўз берилганда шундай деди: «Бу иш қаердан келиб чиққанини биламан. Уни пиарчилар, айтайлик Russia Today журналистлари, Маргарита Симонян ўйлаб топган. Менга қарши доим суд ишлари сохталаштирилган, лекин ҳукумат бу борада доим муаммога дуч келади. Чунки мен ҳамма тушунадиган сўзлар билан масалани тушунтириб бераман. Ажойиб кунларнинг бирида менга қарши яхшироқ айблов топилиши маслаҳат қилинган. Масалан, мен улар учун муқаддас бўлган ниманидир ҳақорат қилган бўлишим керак бўлган. Келинг, бирорта ветеранни топамиз, унга медал тақиб қўямиз-да, Навальний ветеран ва унинг медалларини ҳақорат қилди, дейиш учун ишлатамиз, дейишган».

Ветеранни сўроқ қилиш

Суд кейинчалик жабрланувчи сифатида таништирилган уруш фахрийси Артеменкони сўроқ қилди. Бу жараёнда Навальний ҳам гап қўшишга улгурди: «Хонада (ветеран видео орқали алоқага чиққанди) у билан бирга ким бор? Ким гап ўргатяпти? ФХХ ходимими ёки Маргарита Симонянми?» Суд эса ветераннинг уйида яна бир судья борлигини ва у ҳолат ҳақида жабрланувчига маълумот бериб турганини айтди.

«Мен уруш фахрийсиман, истеъфодаги полковникман. Беларусь фронтида туриб жанг қилганман, кейин 39 йил армияда хизмат қилдим. Июнь ойида дала ҳовлимда Навальний мени ватан хоини деб атаганини билиб қолдим. Мен Навальний омма олдида мендан кечирим сўрашини истайман», деди уруш фахрийси худди қўлида ёзилган матнни ўқиётгандек.

Шу вақтда прокурор оғзаки сўроқни тўхтатишни, чунки жабрланувчи ўтган ёзда нима бўлганини яхши эслолмаслигини айтди. Судья талабни қабул қилди. Артеменконинг қолган ёзма сўзларини прокурор ўқиб берди: «Мен жуда хафа бўлдим, Навальний мени сотқин деб атади. Мен умрим бўйи ҳеч кимни сотмаганман. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан мени ҳимоя қилишларини сўрайман».

Бу матн ўқилаётган вақтда уруш фахрийсининг мазаси бўлмай қолди ва шу сабаб судда танаффус эълон қилинди. «Бошида шундай бўлишини айтгандим, сиз ёши катта одамнинг устидан куляпсиз», деди Навальний унинг тоби қочиб қолгач.

Жабрланувчининг қўшниси сўроқ қилинди

Танаффусдан сўнг судья гувоҳлар эшитилишини маълум қилди. Биринчи бўлиб жабрланувчининг қўшниси бўлган гувоҳ, 95 ёшли Галина Маргулина сўз олди. У ҳам ўз уйидан видео орқали алоқага чиқди. Унинг айтишича, Артеменко билан 1972 йил ветеранлар кенгашида танишган. «Игнат Сергеевични ҳақорат қилишгани ҳақида қанақадир маълумотга эгамисиз?» деб сўради судья. «У ҳақда жуда кўп ёмон гаплар айтишганини телевизордан эшитдим. У жуда яхши одам, мен турган уйда яшайди», деган Маргулис. Кейин судья Навальний изоҳда уруш фахрийсини ҳақорат қилгани айтилаётган ролик ҳақида сўради: «Ҳа, ўша роликда уни ҳақорат қилишганини эшитдим», деди аёл чалғиб кетиб.

Бу аёлга ҳам Навальний савол беришга улгурди: «Сиз Артеменко билан анчадан бери таниш эканингизни айтяпсиз, айтинг-чи, беларусь партизанлари ўзларининг пулларини ўмариб, сарой қурганларни нима қилган бўлишарди?» деди сиёсатчи ўзининг Путинга тегишли экани айтилган сарой ҳақида суриштирувига ишора қилиб. Судья табиийки, бу саволларни асоссиз деб топди.

Шундан кейин Навальний яна бир неча саволлар берди: «Галина Андреевна, айта оласизми, нега урушни ютган мамлакат ветеранининг пенсияси урушда енгилган немис ветеранининг пенсиясидан 12 баравар кам? Артеменконинг пенсияси қанча эканини биласизми?» Судья бу саволлар судга алоқаси йўқлигини айтиб, Навальнийга судни митингдан фарқлашни уқтирди.

Навбатдаги гувоҳ 1993 йилда туғилган Акимов бўлди. У ўз ҳисобидан судда қатнашиш учун Пензадан келганини айтди. У сўроқ давомида Артеменкони адашиб Игнатенко деб атаб юборди. «Ватан учун қон тўкканлар қачондан бери хоин бўлиб қолди?» деди Акимов. Навальнийнинг адвокати эса ҳақорат ва туҳмат ўртасидаги фарқни тушунтириб беришни сўради. Шу тариқа, Акимов гувоҳлик бераётган вақтда судда жанжал бўлиб кетди.

Яна бир гувоҳ Артеменкога қарайдиган ҳамшира Зайнаб Темурова эди. Маълум бўлишича, у тожикистонлик муҳожир. Ҳамшира рус тилида жуда қийналиб гапирди ва Артеменконинг аҳволи Навальний уни ҳақорат қилганини билгач, ёмонлашганини айтди. «Полковник ҳалигача ўша воқеани эслаб йиғлайди», деган гувоҳ. Унинг айтишича, Навальний ветаранни ҳақорат қилгани ҳақида телефонига видео келган. Шунда Навальний «Сизнинг телефонингизга ҳам видео, ҳам изоҳ келдими?» деб сўради. Чунки Навальний бу видеони твиттердаги саҳифасига қўйиб изоҳ ёзганди. Бу саволга аёл атрофга кўз югуртириб, «Мен твиттерга кирмайман», деди.

Жабрланувчининг набираси

Кейин суд залида жабрланувчи Игнат Артеменконинг набираси, 1986 йилда туғилган Игор Колесников пайдо бўлди. Навальний у сўз бошлаши билан асабийлашиб кетди: «Сен ўз бобонгни сотгансан. Артеменко фоҳиша набира тарбия қилган». Судья эса Навальний чегарадан чиқаётгани, ҳаддидан ошаётганини айтди. Колесников унга Russia Today телеканалидан алоқага чиқишганини ва ролик суратга олинганини айтди. Набиранинг сўзларига кўра, ролик коронавирус сабаб кечроқ эълон қилинган ва у чиққач, журналистлар телефон қилиб, Навальний Артеменкони ҳақорат қилганини айтишган.

Колесников Навальнийдан нега бувасидан кечирим сўрамаганини айтиб, бақира бошлади-да, «Менга сув беринг, бақиришдан силлам қуриди», деди. Навальний эса ҳазил қилиб «Мен сизга ҳеч қандай сувсиз бақира оламан», деди. Навальний уруш фахрийсининг набирасидан иш бўйича аризани ким ёзганини сўради. У гапни олиб қочганда сўзни Навальний илиб кетди: «Терговчилар аризани ёзиб Артеменкога қўл қўйдириб олган, ҳаммаси уюштирилганини кўриб турибсиз-ку. Ўртоқ судья, ҳар сафар мен сизни фактлар билан боши берк кўчага олиб келиб қўйганимда, танаффус эълон қиляпсиз, чунки нима дейиш кераклигини билмай қоляпсиз».

Кутилганидек судда яна танаффус эълон қилинди. Бироқ бир неча дақиқага эмас, 12 февралгача.

Навальнийнинг адвокати ВВС'га мижози суддаги мантиқсиз ҳолатлар сабаб ортиқча қизишганини айтиб ўтган. Судья жараён давомида бир неча марта Навальний суддан четлаштирилишини айтган. Адвокатга кўра, агар бу содир бўлса, Навальний суд жараёнида қатнаша олмайди ва унга фақат охирги сўз айтиш ҳуқуқи берилади.

Ўзи нима бўлганди?

2020 йил июнида Russia Today каналида видеоролик эълон қилинади. Унда бир гуруҳ одамлар Россия конституциясига киритилажак ўзгаришларни қўллашга чақиради. Роликда машҳур фигурали учиш устаси Аделина Сотникова, актёр Иван Охлобистин, дизайнер Артемий Лебедев билан бирга уруш фахрийси Игнат Артеменко ҳам қатнашади. Алексей Навальний бу видеога ҳаволани ўз саҳифасига қўйиб, шундай ёзганди: «Мана кабутарчалар. Тўғрисини айтиш керак, сотқин ҳайбаракаллачилар жамоаси ҳозирча анча кучсиз кўринмоқда. Уларга қараб шуни айтиш мумкин: мамлакат учун шармандалик. Виждонсизлар, сотқинлар», деб ёзганди у.

Бу постдан кейин Навальний ветеран одамни ҳақорат қилгани ва унга туҳмат қилгани бўйича иш очилади. Навальний август ойида заҳарлангач, иш маълум вақт тўхтатиб турилди ва 30 декабрь куни яна қайта тикланди. Айнан декабрь ойи охирида Россияда интернетда туҳмат қилиш ва ҳақорат учун жавобгарлик кучайтирилди. Янги санкцияларга кўра, бу ҳолатлар билан айбланганлар 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ бу иш учун шундоқ ҳам колонияда бўлиб турган Навальнийга қўшимча муддат берилмайди. Бу иш бўйича сиёсатчи кўпи билан 1 миллион рубль миқдорида жаримага тортилиши ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиниши мумкин.

Олдинроқ Коррупцияга қарши курашиш фонди асосчиси Алексей Навальний «Ив Роше» иши бўйича 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони ўташ колониясига юборилганди. Аслида у бир неча йил аввал бу иш бўйича 3,5 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинганди, 2 февралда унинг шартли жазоси ҳақиқийсига алмаштирилди. Навальнийга ҳукм чиқарилгач, дунё етакчилари унинг озодликка чиқарилиши кераклигини айтиб чиқишди. Хусусан, АҚШ президенти Жо Байден, Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Эммануэл Макрон сиёсатчини озод қилишга чорлашди.

Алексей Навальний 2020 йилнинг 20 августида Томск-Москва авиарейсида учаётиб ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлгач, шифокорлар у заҳарланганини маълум қилганди. Навальнийга тезда оғуга қарши укол қилиб, касалхонага олиб кетишган. 22 август куни унинг хотини Ольга Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, эрини Германияга олиб кетиш учун рухсат сўраган. Розилик олингач, кома ҳолатида бўлган Навальний хусусий самолётда Берлиндаги «Шарите» клиникасига олиб кетилганди.

7 сентябрда ўзига келган Навальний 21 декабрда «ўз қотили билан гаплашгани» ҳақида суриштирув эълон қилди. 17 январда эса Навальний Москвага қайтди. Унинг қайтиши кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. «Шереметьево» аэропортига қўниши билан (аслида самолёт «Внуково»га қўниши керак эди) Навальний ҳибсга олинди. Қўлга олинганидан икки кун ўтиб, 19 январь куни Навальнийнинг гўёки Путинга тегишли сарой ҳақида сенсацион суриштируви эълон қилинди. У колонияга юборилиши ортидан тарафдорлари икки марта норозилик намойишлари ўтказишди.

 

Мавзуга оид