НАТО Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетмасликка қарор қилди
НАТО бош котибининг сўзларига кўра, Афғонистонда зўравонликка чек қўйилиши, “Толибон” террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатиши шарт.
НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари АҚШ ва “Толибон” ўртасида тузилган келишувда кўзда тутилганидек 1 майгача Афғонистондан альянс қўшинларини олиб чиқиб кетмасликка қарор қилишди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.
"Ҳозирча Афғонистондан кучларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарор қабул қилмадик, яқин ҳафталарда маслаҳатлашувларни давом эттирамиз. Афғонистондан кучларимизни олиб чиқиб кетиш маълум шартларга асосланган. Афғонистонда зўравонликка чек қўйилиши, “Толибон” террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатиши шарт”, деди у.
Унинг таъкидлашича, бу мамлакатда вазият барқарорлашиши учун "Афғонистондаги тинчлик музокаралари муваффақиятли бўлиши лозим”.
Столтенберг ҳозирда Афғонистонда ўтган йили 10 минг кишигача қисқартирилган йўриқчилар ва маслаҳатчилардан иборат чекланган контингент борлигини эслатиб ўтди. Улар Афғонистон армиясини тайёргарликдан ўтказиш, логистика ташкил этиш ва разведка маълумотлари билан таъминлаш каби вазифаларни бажаради.
Аввалроқ Афғонистон бўйича тадқиқот гуруҳининг вакили ҳисоботида президент Жо Байден маъмуриятига 2021 йил май ойигача Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини кечиктириш тавсия қилинганди.
2020 йил 29 февралда Доҳада АҚШ маъмурияти ва "Толибон" ўртасида тинчлик келишуви имзоланганди. Унга кўра, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олганди. Толиблар ўз навбатида мамлакат ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланмасликка кафолат берганди.
Мавзуга оид
09:50 / 25.10.2024
ГФР ва АҚШ Киевни НАТОга зудлик билан таклиф қилишга тайёр эмас
08:50 / 24.10.2024
НАТО КХДР ҳарбийлари Россияга юборилганини тасдиқлади
19:13 / 23.10.2024
Афғонистон Амударё ҳавзасида нефт қазиб олишни кўпайтиришга қарор қилди
10:10 / 23.10.2024