«Бу томоша ишларни тўхтатиб қўйди» - «Қизил ҳудуд»даги Балиқчи тумани ҳокимлиги нега тадбиркорга ёрдам эмас, халал бермоқда?
Андижон вилояти Балиқчи туманида паррандачилик билан шуғулланувчи фермер Зафариддин Насиббоев ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ҳақида Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллади. Дастлаб чорвачилик ва деҳқончилик йўналишида ташкил этилган фермер хўжалиги 2017 йилда йўналишини паррандачиликка ўзгартирган. Хўжалик раҳбари ўзига бириктирилган ер майдонлари бир онда туман захирасига олингани «оёғига болта уриш» билан баробар бўлганини таъкидлади.
«Обод юрт файзи» паррандачилик хўжалиги раҳбари бўлган Зафариддин Насиббоев ишни йўлга қўйиш учун банкдан катта миқдорда кредит олган.
«Фермер хўжалигимиз 2006 йилда чорвачилик фермер хўжалиги тендерга қўйилган чоғда, аукцион орқали сотиб олиниши билан ташкил этилган. Балиқчи тумани ҳокими қарори билан ер майдонлари бириктириб берилган. Кадастр ҳужжатлари, гувоҳномалари мавжуд. Янги гувоҳнома ҳам олинган. Айнан шу ҳужжатлар асосида солиқ тўлаб келаман.
Дастлаб, барчасини ўз маблағларимиз ҳисобидан амалга оширганмиз. Жиҳозларни, ўзимизда ишлаб чиқарилмагани боис, Хитойдан келтирганмиз. У ерга валюта чиқарилгани сабабли ўша вақтдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда «Ҳамкорбанк»дан 80 минг АҚШ доллари кредит олганмиз. Таъкидлашни истардим, нафақат бройлер йўналишида, балки тухум йўналишида ҳам жиҳозларимиз бор», дейди хўжалик раҳбари.
Унинг айтишича, бройлер йўналишида иккинчи сменани йўлга қўя олса, мавжуд жиҳозлар 40 минг дона тухум йўналишида парранда боқиш имконини беради. Бу эса, қўшимча иш ўринлари яратилишини англатади. Бироқ, 2019 йилда пайдо бўлган муаммо тадбиркорнинг режаларини остин-устун қилиб юборган. Гап шундаки, туман ҳокимлиги кутилмаганда бройлер жўжалар учун озуқа базаси етиштириладиган экин майдонларини туман захирасига қайтариб олган. Тадбиркор ўз ички имкониятларидан фойдаланиб ёхуд инвесторни олиб келиб ишини кенгайтириши мумкин, бироқ кафолат бўлмагандан кейин аниқ бир режа асосида иш олиб бора олмаяпти.
«Ўтган йилги «томоша», тўғрисини айтганда, ишларимни тўхтатишга сабабчи бўлиб қолди», дейди тадбиркор.
Тадбиркор бройлер жўжалари боқилаётганда иншоотлардан қандай фойдаланилиши ҳақида ҳам айтиб берди.
«Мен айни шу масалани ҳокимиятдагиларга тушунтира олмадим. Илгари, яъни 2 йил мобайнида тухум йўналишида ишлаганмиз. Унда олти ой жўжа қўйилади, кейин бир ярим йил тухум қўяди. Шундан келиб чиқсак, парранда салкам икки йил давомида бинони банд қилади.
Бройлер йўналишида эса, жўжа 42 кунда сўйишга тайёр бўлади, сўйиб бўлингач, жўжалар боқилган бино камида 10 кун санацияга ёпилади. У ерда жўжа боқилмайди. Яъни бино тозаланиб, дезинфекция ишлари олиб борилади. Ҳокимликдан келган мутахассислар эса, бино бўш экан, дейишади. Конвейер усулида бир бинода бройлер боқилганида, бошқаси бўш бўлади», дейди у.
Вазиятни янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида паррандачалик иншоотларида ҳам бўлдик. Насиббоевнинг таъкидлашича, туман ҳокими «уюшмаган ёшларга ер бериш»ни баҳона қилиб, унга бириктириб берилган ерларни олиб қўйган, оқибатда қўшимча бино-иншоотларни қуриш ишлари ҳам тўхтаб қолган.
«Бу ўтган йили битганида 30 минг жўжа боқиларди. Фақат битказиш имкониятини қила олмай қолдик. Бу ерда эса, 15 минг жўжага мўлжалланган бино қад ростлаши керак эди. Ер захирага олингач, харид қилиб олаётганимиз емлар қиммат бўлиб кетди. Аввал емни ер майдонларига экиб, ўзимиз ишлаб чиқарганимиз учун таннархи паст бўларди. Менга халақит қилишмаса бўлди, кредит ҳам олмасдан ишимни ривожлантирган бўлардим», дейди тадбиркор.
Паррандачилик хўжалигига бириктирилган ер майдонлари туман ҳокимининг 2019 йил 20 июндаги №3706-қ қарорига асосан туман захирасига олинган. Оқибатда паррандаларни арзон озуқа базаси билан таъминлаш масаласи пайдо бўлган. Жўжаларни боқиш учун омихта ем харид қилингани парҳезбоп парранда гўшти таннархи ошишига олиб келган.
Балиқчи тумани ҳокимлиги мутасаддиси, Инвестициялар бўйича бош мутахассис Сайдулло Абдуҳалимов ҳам муаммо бўйича ўз изоҳларини билдиришди.
«2017 йил 23 февралда президентнинг қарори чиққан. Шунга биноан, республика бўйлаб барча хусусий мулк объектлари хатловдан ўтказилган. Биз ҳам ишчи гуруҳ билан ташриф буюрганмиз. Уларга бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берилган. Шу билан бир қаторда, огоҳлантириш хати ҳам чиқарилган. Улар 3 млрд 450 млн сўмлик инвестиция киритиш ташаббуси билан ҳам чиқишган. 30та янги иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган эди.
Лекин, ишчи гуруҳ билан борганимизда бино-иншоотлар тўла қувватда ишламаганига гувоҳ бўлдик. Кейинчалик президентнинг ПҚ-3928 сон қарорига мувофиқ, ушбу объект вилоят идоралараро комиссияси хулосасига асосан таъсирчан солиқ механизмига тортилган. Бунда барча солиқ имтиёзлари бекор бўлади. Тадбиркор, ҳокимлик ва банк билан биргаликда манзилли дастур ишлаб чиқилган», дейди у.
Унинг айтишича, хўжалик бино-иншоотлари жойлашган ҳудуд умумий майдони 9,5 гектарни ташкил этади ва бундай ҳудудда жуда катта қурилиш ишларини амалга ошириш, хорижий ёки маҳаллий инвестиция киритиш мумкин.
«Шуларни ҳисобга олиб тадбиркор билан гаплашганмиз. Уларнинг ҳам ҳаракат қилганини эътироф этиш керак. 300 млн сўмга музлаткич ўрнатди. Икки ойлар аввал охирги марта борганимизда бир бинода жўжа боқилаётган эди. Ишчи ўрни яратгани ҳақида маълумот киритгач, таъсирчан солиқ механизмидан чиқардик», дея маълумот берди мутахассис.
У, шунингдек, тадбиркорга бириктирилган ерларнинг тақдимнома асосида захирага қайтарилгани сабаблари сифатида кўпроқ кам таъминланган оилалар аъзолари, ишсиз ёшларни иш билан банд этмагани, тўла қувватда ишламаганини кўрсатди.
«Бугунги кунда уларни қийнаб келаётган масала экин майдонлари бўладиган бўлса, яна тадбиркор билан кўришамиз. Муаммоларини муҳокама қиламиз. Туман қишлоқ хўжалигига ихтисослашгани сабабли саноат ҳам унчалик ривожланмаган. Шунга кўра, агар паррандачиликни ривожлантириб, қўшимча иш ўринларини яратаман деса, биз ёрдам беришга тайёрмиз, аммо ишламаса, солиқ идоралари томонидан таъсир чоралари қўлланиб, таъсирчан солиққа тортилади», дея таъкидлади Сайдулло Абдуҳалимов.
Туман қишлоқ хўжалиги бўлими котибияти бош мутахассиси Абдуҳалим Муланов ҳам паррандачилик хўжалигига бириктирилган ҳамда туман захирасига қайтарилган ер майдонлари хусусида маълумот берди.
«Ёшлар боғи ташкил қилганмиз. Орасини 15 сотихдан 80 нафар ёшга бўлиб берганмиз. Дарё бўйидаги жойларни инвентаризация қиляпмиз. Шу билан бирга, боғнинг оралиқлари тўлдирилиб, ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда», дейди у.
Унинг сўзларига кўра, ёшларга қандай ўсимлик экиб, деҳқончилик қилиш борасида кўрсатма берилмаган, бироқ аксарияти дуккакли экинлар етиштиришган, баъзилари турли сават ва бошқа шу каби идишлар тўқиш мақсадида бир йиллик новдалар экишган. Шу билан бирга, ёшлар ҳосилни йиғиштириб олгач, ерни кузги шудгорлаш каби ишларни бажармаслиги ҳам аён эди. Чунки ер участкалари 1 йил муддатга берилган.
Балиқчи туман ҳокимлиги бош юристконсульти Аҳрор Ортиқов эса «Обод юрт файзи» паррандачилик хўжалиги ерлардан самарали фойдаланмаганини иддао қилди.
«Яқин 2-3 йилдан буён президентнинг ердан самарали фойдаланиш тўғрисида қарорлари чиқмоқда. Бу фермер хўжалиги ерларидан самарали фойдаланмаган. 4та биноси 2020 йил бошида ишга тушган. Ундан олдин фақат 2таси ишлаган. Бошқаси қаровсиз ҳолатда турган», дейди у.
У, шунингдек, паррандачилик хўжалигига бириктирилган ер майдонларининг захирага олинишини ҳам изоҳлади.
«Ушбу фермер хўжалиги 2017 йилда чорвачиликдан паррандачилик йўналишига ўтган. Шу давр мобайнида хўжалик унга бириктирилган экин ер майдонларидан фойдаланиб келган.
Бундан ташқари, 2019 йилда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ҳудудлар хатловдан ўтказилганда, ўзига бириктирилган ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланаётгани аниқланган. Бу ҳолатлар юзасидан огоҳлантиришлар берилгандан сўнг, бўлим ҳокимликка тақдимнома чиқарган. Ушбу тақдимномага асосан, туман ҳокимлиги 2019 йил 20 июнда қарор чиқариб, ер майдонларини захирага қайтариб олган.
Хўжалик 2006 йилда ташкил этилиб, ер майдонлари унга бириктирилгандан буён ижара шартномаси тузмаган. Ер қайтариб олингач, ишсиз ёшларга тақсимлаб берилган, улар фойдаланиб, даромадини қилишган. Ерлар қаровсиз қолмаган», дейди Аҳрор Ортиқов.
Томонларнинг фикрини эшитдик. Шу ўринда, мавжуд ҳужжатларга бир назар солиб чиқамиз.
Даставвал туман ҳокими қарорига сабаб бўлган тақдимнома, далолатнома, шунингдек, тадбиркорга берилган огоҳлантириш хати хусусида. Ажабланарлиси, далолатнома 16 июнда, тақдимнома ва огоҳлантириш хати бир кун ўтиб, 17 июнда берилган.
Савол туғилади: огоҳлантириш хати берилгач, камчиликларни тузатиш учун муддат берилмайдими?
Ҳа, яна бир нарса. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсат йиғилиши ҳам 17 июнда бўлганини қандай изоҳлаш мумкин?
Балиқчи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг туман ҳокими Ж. Абдурайимовга киритган маълумотномаси ҳам туман ҳокими қарори билан бир санада эканлигини ҳам шунчаки тасодиф, деб тушуниш керакмикан?
Эътибор беринг, маълумотномада тадбиркор 2017 йилги қарорга биноан ижара шартномаси тузилмаганига эътибор қаратган.
Навбатдаги савол пайдо бўлади: Тадбиркор тузмаган бўлса, кадастр идораси нима учун ўз вақтида ижара шартномаси тузишни талаб қилмади?
Ҳужжатларнинг яна бир ўзига хос томони, уларнинг барчасида бир хил ибора ҳамда важларнинг такрорланганидир. Яъни «Балиқчи туман ҳокимининг 11.09.2019 йил кунги 1799-қ сонли қарорига асосан «Обод юрт файзи» чорвачилик фермер хўжалиги паррандачилик йўналишига ўзгартирилиб, 2017 йил 1-2 чораклари даврида давлат дастурига асосан, 20 минг бош, йил якунига қадар 50 минг бош парранда ташкил этиш режалаштирилган, лекин сиз томонингиздан ўрганиш кунига, яъни 2019 йил 16 июн кунига қадар хўжаликда ҳеч қандай паррандалар парвариш қилинмаётганлиги аниқлангани» таъкидланади.
Навбатдаги савол шундан иборатки, хўжалик паррандачилик йўналишига 3-чоракнинг деярли охирида ўтган бўлса, 1-2-чоракларда қандай қилиб парранда етиштириши мумкин эди?
Хуллас, юқоридаги ҳолатлардан биргина хулоса қилиш мумкин – ҳокимлик паррандачилик хўжалигига бириктирилган ер майдонларини захирага олиши керак эди, олди. Уюшмаган ёшлар деб айтилаётган ишсиз ёшларга 15 сотихдан ер берилиши, баландпарвоз «Ёшлар боғи» ташкил этилиши керак эди, бажарилди.
Бунинг оқибати қандай бўлгани, боғнинг ҳозирги ҳолати, у қандай ташкил этилгани билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ, назаримизда. Халқ дастурхонига озми-кўпми парҳез гўшт етказиб беришни мақсад қилган, шунинг устида имкон қадар ишлаган тадбиркор тақдири, унинг кредитни қандай тўлаши, етказиб берилаётган гўшт таннархини арзонлаштириш учун кўмак бериш масалалари билан ҳеч ким қизиқмаган.
Тўғри-да, оғримаган бошни оғритиш шартми? Шундоқ ер олиб қўйилса, кифоя. Тадбиркорга кўмак бериш, қийнаётган муаммоларни ҳал этиш устида биргаликда бош қотириш туман мутасаддиларини наҳотки қизиқтирмаса? Ваҳоланки, Балиқчи тумани «қизил ҳудуд» ҳисобланишини инобатга олсак, мавжуд тадбиркорлик субъектларини сақлаб қолиш қанчалик муҳимлиги янада аён бўлади.
Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси — Шерзод Эгамбердиев.
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
Чехияда россияликларга фуқаролик беришни тақиқловчи қонун маъқулланди
Жаҳон | 23:41 / 22.01.2025
-
АҚШ жанубида қор бўронлари сабаб биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Жаҳон | 23:19 / 22.01.2025
-
"Ҳусанов тезроқ инглиз тилини ўрганишига умид қиламан. Унинг жисмоний кўрсаткичлари ажойиб" – Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида
Спорт | 23:12 / 22.01.2025
Мавзуга оид
18:35 / 21.01.2025
Тухум етиштириш кооперацияси учун 50 миллион доллар йўналтирилади
10:40 / 27.10.2024
Андижон вилояти Балиқчи туманида бир оиланинг 70 аъзоси бирга сайловга келди
18:15 / 11.09.2024
Яна 50 минг гектар ер камбағал оилаларга бўлиб берилади
17:18 / 07.09.2024