22:35 / 29.03.2021
15453

Ўзбекистонга цемент импорти кескин ошди

2021 йилнинг январ-феврал ойларида хориждан Ўзбекистонга 528,5 минг тонна цемент импорт қилинган. Бу – ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 354,9 минг тоннага кўп.

Фото: qizilqumsement.uz

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг икки ойида импорт қилинган цемент ҳажми 2020 йилда импорт қилинган цементнинг 1/5 қисмига тенг.

Ўзбекистон цемент импорт қилган асосий давлатлар:

  • Қозоғистон – 226,7 минг тонна;
  • Қирғизистон – 159,5 минг тоннa;
  • Тожикистон – 134,3 минг тонна.

2021 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда 1,3 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил июлида цемент импортини соддалаштиришга оид ҳукумат қарори қабул қилинганди.

Уй-жойлар қурилишини стимуллаш мақсадида 2021 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар цемент маҳсулотини (ТИФ ТН коди 2523) Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг нол ставкаси қўлланилади.

«Цемент ишлаб чиқариш бу йил 16-17 миллион тоннага етказилади. Аммо қурилишлар ҳажми ҳам икки баробар ортади ва бизда 40 миллион тоннага яқин цемент зарурати бўлади», деганди бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов март ойи бошидаги селекторда.

Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонда жами 10,6 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 0,4 фоизни ташкил этган.

Ҳукумат цемент ва ойнани монопол маҳсулот турлари қаторидан чиқаришни мўлжаллаган.

Top