Ўзбекистон | 09:52 / 01.04.2021
32460
3 дақиқада ўқилади

«Вилоят ҳокими ўтади дейишса, милиция келади-ю халқни тозалайди» — иштихонлик йигит Турдимовга ҳолатни шундай тушунтирди

31 март куни Самарқанд шаҳрида «Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Мулоқотда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ёшларнинг муаммо ва таклифларини эшитди. Хусусан, иштихонлик Сардорбек Митан шаҳарчасида йўллар ҳолати яхши эмаслиги, пиёдалар йўлаги ва светофор йўқлиги муаммо туғдираётганини айтди.

«Сиз ўтасиз, вилоят ҳокими ўтади дейишса, милиция келади-ю халқни «тозалайди». Шунинг учун сизга ҳам мурожаат киритгандик, лекин муаммо ечилмай қоляпти», – дея ҳолатни тушунтирди у.

Ҳоким Сардорбекнинг шикоятига жавобан у билан бирга Митан шаҳри кўчаларини бориб кўрмоқчи эканини айтди.

«Укажон, Митанга мен ўзим бораман. Нозир Алиевич [вилоят ҳокими ёрдамчиси] масъул бўлади. Узоғи билан бир ҳафта-ўн кун ичида Митанга бораман, жойида бирга юрамиз: ҳокимни чақирамиз, йўлчини чақирамиз, сувчини чақирамиз, бошқа [масъул] одамларни чақирамиз; ўша ерда юриб, тўғрилаймиз. Иккимиз кўрайлик қани, кучимиз етгунча ҳаракат қилайлик», – деди Турдимов.

Ҳоким, шунингдек, бу каби учрашувларда масъулларга берилаётган топшириқлар ижросида кўзбўямачилик ҳолатлари бўлаётганини айтди.

«Яқинда ҳам бўлди, «бажарилди» деб ёздириб, қўл қўйдириб олган. Кейин эса мурожаатчи ёзяпти: «Мени алдаб, қўл қўйдириб олганди, амалда эса бажарилмади».

Муаммо ҳал этилмаса, «бажарилди» деган ҳеч нарсага қўл қўйманг. Биз шу ернинг ўзида ё бўлади, ё бўлмайди деб очиқ айтамиз. Масала судга тааллуқли бўлсагина «кўриб чиқамиз» дейишимиз мумкин. Масала ечилиши керак, агар ечилмаган бўлса, ҳеч нарса ёзиб берманг», – таъкидлади Самарқанд вилояти ҳокими.

Ҳокимлик ахборотига кўра, учрашувда ёшлардан 66 та мурожаат ва таклифлар билдирилди, ҳоким масъуллардан кўтарилган масалалар ижросини узоғи билан бир ҳафта-ўн кун ичида таъминлашни сўради.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳақов, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Холматов, Халқ банки бошқарув раиси ўринбосари Олтибой Шаропов ҳам қатнашди ва ўзлари раҳбарлик қилаётган тизимга оид мурожаатларга муносабат билдирди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид