Ўзбекистон | 15:40 / 01.04.2021
6585
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган вакцина ҳар икки мамлакатда рўйхатга олингани маълум қилинди

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ўзбекистонда 1 апрелдан коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланмоқда.

Эмлашда фойдаланиладиган вакциналардан бири – хитойлик ва ўзбекистонлик олимлар ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ушбу икки мамлакатда ҳам рўйхатдан ўтказилиб, қўллаш учун рухсат берилган.

Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган миш-мишлар асоссизлиги тўғрисида Kun.uz'га тақдим этилган расмий релизда сўз боради.

Қайд этилишича, Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компанияси томонидан Ўзбекистонда 3-босқич синовлари ўтказилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини Хитойда амалиётда қўллаш бўйича 2021 йил 10 март куни рухсатнома берилган.

Ҳужжатни Хитой Фанлар академияси Микробиология институти, Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси ҳузуридаги Тиббиёт технологияларини ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот маркази махсус ишчи гуруҳи тасдиқлаган.

Мазкур вакцина 2020 йил 1 март санасида Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази томонидан тегишли гувоҳнома берилган.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистонда вакцина олган фуқаро, қандай вакцина билан эмланишидан қатъи назар, агар у икки (AstraZeneca) ёки уч маротаба (ZF-UZ-VAC2001) эмланиб, тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган бўлса, унга эмланганлик ҳақида, махсус халқаро талабларга мос келадиган QR-кодли сертификат берилади.

Хитой-ўзбек вакцинасининг илк партияси Ўзбекистонга 27 март куни 1 млн дозада олиб келинган эди. ZF-UZ-VAK2001 вакцинасидан апрель-июнь ойларида яна 3,5 миллион доза олиб келиниши кутилмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси нархи бўйича маълумотларни очиқламаслик тўғрисида давлатлараро шартнома имзолагани маълум қилинганди.

Мавзуга оид