Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳокимиятнинг бажарилмас ваъдалари: Заврақликлар жавоб хатини эмас, амалий ҳаракатларни кутиб яшамоқда
Андижон тумани Заврақ маҳалласининг Янги замин кўчасида яшовчи 200 дан ортиқ хонадон эгалари кўп йиллардан бери электр таъминотидаги ва бошқа муаммолар билан курашиб яшамоқда.
Маҳалладаги асли 50 хонадонга мўлжалланган трансформатор ора кунда ишдан чиқади.
Аҳоли ўз кучи билан ўрнатган қўлбола симёғочларда минг улоқ бўлиб тортилган электр симларни кўрасиз.
Андижон туман ҳокимлиги ва ҳудудий электр тармоғи мутасаддилари заврақликларнинг мурожаатларига «Бу йил дастурга туширдик» деган бажарилмас ваъдалари билан жавоб бериб келишмоқда.






Ҳудудга суюлтирилган газ баллонларининг вақтида етиб келиши ҳам муаммо.
Қишда тизза бўйи лой, ёзда чангга ботадиган кўчалар – яна бир муаммо.
Ўтган йили туман ҳокимлиги: «Ўз кучинглар билан шағал ётқизинглар, биз асфальт қилиб берамиз» дегач, аҳоли хурсанд бўлиб кўчаларга шағал тўктирган экан. Улар ҳали ҳам асфальт келишини кутишмоқда.
«Маҳалламиз барпо бўлганига 20 йилдан ошди. Лекин мана ҳозиргача 200дан ортиқ оиланинг электр таъминоти бўйича муаммоси ҳал бўлмаяпти. Шу муаммони ҳал қилиш учун икки-уч марта туман ва вилоят ҳокимликларига, туман ва вилоят электр тармоқлари корхоналарига мурожаат қилдик. Ҳаммаси келиб, ваъда бериб кетади, лекин назорат йўқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам электр қуввати оз.


Трансформаторимиз ўта кучсиз. Унинг қуввати хонадонларни таъминлашга етмайди. Қувват камлигидан электр жиҳозлар ҳам ишламайди. «Светлар» шам сингари паст ёняпти.
Аҳолининг кучи билан теракларни кесиб, столбалар ўрнатганмиз. Ўзимиз пул йиғиб, 20 йилча олдин олган симлар улоқ-улоқ бўлиб, электр ўтказиш даражаси яхши эмас.–
Президентимизнинг ҳозирги ишларидан хурсандмиз. Кўп ишлар амалга ошяпти. Бизнинг эътирозимизни ҳам ҳисобга олиб, темир-бетон столбалар ва кабелли симлар олиб келиб, маҳалламиз обод маҳалла ҳолатига келтирилишини биз ҳам орзу қиляпмиз. Лекин шу орзумиз амалга ошмай қоляпти», – дейди маҳалла вакили Валижон Ҳайдаров.
Адолатхон Камолова ўз уйи томидаги травес (электр сими тортиш учун томга ўрнатиладиган мослама)дан 20 та хонадонга хавфли тарзда электр токи олиб ўтилганидан хавотирда эканини айтади. Аёл кўп бора электрчиларга мурожаат қилган, лекин натижа бўлмабди.



Электр ўта паст қувват билан берилиши сабаб мактаб ўқувчилари кечки пайт дарс тайёрлашга қийналади. «Янги замин» кўчасида яшовчи болалар дарсни кундуз кунлари тайёрлашга мажбур. Чунки хира электр чироқларида ёзиш ёки ўқишнинг иложи йўқ.

Аҳоли вакиллари рўзғор учун зарур суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш катта муаммо эканидан ҳам шикоят қилишди.
«Газ баллонлари вақтида олиб келинмайди. Қишда ҳам анча қийналдик. Ўтин қиммат.


Суюлтирилган газ икки ойда бир келади. Газчилар ўтган ойларда баллонларни битта жойга 20-30тадан баллон тўплаб олиб кетаётган эди. Ҳозир шу ҳам йўқ бўлди. Маҳалламиздаги кўплаб хонадонларда газ баллон ҳам етишмайди. Бозорда баллон 400-420 минг сўм. Газ идорасидагилар «Ариза ёзинглар, берамиз» дейишди. Лекин натижа йўқ», – дейди Мансуржон Мирзаев.
Маҳалла кўчаларининг ҳолати жуда ёмон. Заврақ маҳалласи оқсоқоли Абдурашид Дадабоев билан суҳбатлашамиз.


«Раҳбарларга кўп бора мурожаат қилганмиз. Кўриб турибсиз, кўчани аҳоли ўз кучи билан шағаллаб, имкон даражасида фойдаланиб келишяпти. Ҳақиқатан симёғочларимиз қўлбола ва эски. Мутасаддилар келиб ўрганишди. Янги йилга ваъда қилишган, босқичма-босқич қилиб беришяпти. Бетон столбаларни ҳам қўйиб берамиз дейишди. Янги трансформатор ҳам сўраганмиз. Суюлтирилган газ ҳам имкон даражасида келяпти. Машина икки-уч ойда келиб, айлантириб кетяпти. Тўғри, қишда икки ойлаб келмаган кунлар ҳам бўлди. У пайтда истеъмол ҳам кўп бўлган», – дейди А. Дадажонов.
Камчиликларни ўрганаётганимиздан хабар топган чоғи, муаммоли ҳудудга туман электр тармоқлари муҳандиси Элмурод Мадумаров етиб келди.

Мутасадди кўчадаги 160 киловаттли трансформаторни 2021 йилда реконструкция қилиш ва қўшимча яна битта трансформатор ўрнатиш ишлари лойиҳалаштирилганини билдирди.
«Ўз кўзим билан «Янги замин» кўчаси бўйича 2021 йилга режалаштирилган лойиҳани кўрдим. Шу йилнинг ўзида 930 метр электр линияси, 33 та бетон таянч ва битта 160 киловаттли трансформатор қўйилади. Ўтган йили «столба» заводи қурилди. Бу йил ишга тушди», – дейди муҳандис.
Элмурод Мадумаровдан кўча ва хонадонлардаги электр линиялари хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, хонадон эгалари симларни ўз уйларига томма-том ўтказиб олишгани бўйича сўрадик. Мутасадди симлар ва симёғочларни «электросет» тортмаганини айтиб, яқин ойларда барча муаммолар ҳал бўлиши ҳақида ваъда берди.
Муҳандиснинг айтишича, 2021 йилги дастур бўйича Андижон туманидаги 16 та МФЙга биттадан трансформатор ажратилган. Ўтган йилги дастурга кирмаган маҳаллалар бу йилга сурилиб қолган. Туманда ҳолати бундан-да хароб жойлар бор экан.
Маҳалла фуқаролари ҳудуд туман солиқ инспекцияси бошлиғи секторига қарашли экани, аммо сектор раҳбари маҳалла муаммоларидан бехабарлигини айтишди.
Мақолани тайёрлаш жараёнида, 8 апрель куни президент селектори бўлиб ўтди ва унда давлат раҳбари ўндан ортиқ ҳудудий амалдорларни ишдан олди. Қаттиқ танқид остида лавозимидан озод этилганлар орасида Андижон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Абдулазиз Каримов ҳам бор эди.

Хулоса қилиб айтсак, маҳалла аҳли йиллар давомида ваъдалар эшитавериб, мутасадди ташкилотларга ишонмай қўйган. Ахир берилган ваъда бажарилиши керак эмасми?
Мутасадди ташкилотлардан жўяли жавоб кутиб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов.
Мавзуга оид
15:32 / 09.06.2026
Андижонда 4 нафар эгизак дунёга келди
11:39 / 08.06.2026
Андижон вилояти ҳокимига икки янги ўринбосар тайинланди
16:36 / 29.05.2026
Россиядан Ўзбекистонга суюлтирилган газ етказиб бериш 3,5 баробарга ошди
09:30 / 27.05.2026