Ўзбекистон | 23:01 / 17.04.2021
14718
3 дақиқада ўқилади

«Ўш ва Чимкентдаги аэропортлар йилига 1,3 млн йўловчига хизмат кўрсатади, Самарқанд аэропорти эса – 165 минг» — Абдуҳакимов

Президент топшириғига биноан, Самарқанд аэропорти йўловчилар ҳажмини 7–10 маротаба оширишимиз лозим, деди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Президентнинг Самарқандга ташрифида туризм асосий мавзулардан бири бўлди, соҳа ривожига доир янги лойиҳалар тақдим этилди.

Маълумотларга кўра, 2019 йилги мавсумда бу шаҳардаги меҳмонхоналарда бўш жой бўлмаган. 2021 йилнинг март ойида эса, пандемия бўлишига қарамай, Регистон майдонига 150 минг киши ташриф буюрган.

Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов журналистларга берган интервьюсида Самарқанднинг туризм салоҳиятидан яхшироқ фойдаланиш учун нималар қилинаётгани ҳақида маълумот берди.

«Биз Самарқанд туризм салоҳиятининг 5 фоизидан ҳам фойдалана олмаяпмиз. Мана, Самарқанд аэропортини олайлик. 2021 йилда бу аэропортдан 165 минг йўловчи фойдаланиши режалаштирилган. Мисол учун, қўшни давлатларнинг пойтахт бўлмаган Ўш, Чимкент каби шаҳарлари аэропортларидан йилига 1,3–1,5 млн йўловчи фойдаланяпти.

Президентимиз бу борада топшириқ бердилар, Самарқанд аэропорти йўловчилар ҳажмини 7–10 маротаба оширишимиз лозим. Бунинг учун биз «очиқ осмон» тамойилини йўлга қўйяпмиз. Ҳозирда дунёнинг 15–20 та йирик авиакомпаниялари парвозларни йўлга қўйишга тайёр туришибди. Уларга тезкор хизмат кўрсатиш, ёқилғи нархини арзонлаштириш, аэропорт тўловларини камайтириш каби енгилликлар берилади.

Туристлар оқимини ошириш учун араб давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз. Қатар, Кувайт каби давлатлар фуқаролари зиёрат туризми учун келишади ва бошқа ҳудудлардаги сайёҳлардан фарқли равишда бир неча кунлаб қолишади», – деди бош вазир ўринбосари.

Азиз Абдуҳакимов «Самарқанд туризм маркази»да бўлиб ўтган тақдимот чоғида маълум қилишича, 2020 йилда шаҳардаги меҳмонхоналар сони 160 та бўлган бўлса, 2025 йилга бориб улар 296 тага, меҳмонхоналардаги жами ўринлар эса 6700 тадан 20700 тага етказилиши режа қилинган.

Шунингдек, 2021–2022 йиллар давомида жами қиймати 7,18 трлн сўм бўлган 210 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти маркази Гулобод қўрғонига кўчирилиб, шаҳар ҳудуди кенгайиши, натижада аҳолиси 1 миллионни ташкил этиши кутилмоқда.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид