Ўзбекистондаги бир нечта аэропортлардаги ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли Самарқанд халқаро аэропорти бир қатор рейсларни муқобил аэродром сифатида қабул қилди.
Хусусан, Москва — Бухоро йўналишидаги HY9608 рейси Бухоро аэропортида туман сабаб вақтинчалик чекловлар ўрнатилгани (кўриниш — 650 метр) учун Самарқандга йўналтирилди. Самолёт Тошкент вақти билан соат 03:27 да қўнди.
Санкт-Петербург — Урганч йўналишидаги HY9638 рейси Урганч аэропортида чекловлар қўйилгани (туман, кўриниш — 200 метр) сабаб Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналтирилди. Қўниш соат 06:17 да амалга оширилди.
Москва — Термиз йўналишидаги A47055 рейси Термиз аэропортида ўрнатилган чекловлар (туман, кўриниш — 200 метр) туфайли Самарқандга бурилди. Самолёт соат 06:03 да қўнган.
Шунингдек, Москва — Бухоро йўналишидаги SU1876 рейси ҳам Бухоро аэропортида самолётларнинг қўнишига чекловлар қўйилгани (туман, кўриниш масофаси — 300 метр) сабаб Самарқандга йўналтирилди. Самолёт соат 06:36 да қўнди.
Бундан ташқари, Истанбул — Наманган йўналишидаги C6317 рейси бортдаги йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабаб экипаж қарори билан Самарқанд халқаро аэропортига йўналтирилди. Самолёт соат 05:53 да қўнган.











