07:37 / 22.04.2021
2770

Йил охиригача ичимлик суви таъминотини яхшилашга 217 млн доллар сарфланиши кутилмоқда

«Ўзсувтаъминот» АЖ 2021 йилда 5 910,2 км узунликдаги ичимлик сув тармоқлари ва 559 та иншоотни ишга тушириши белгиланган.

Иллюстратив фото

Компания ахборот хизматига кўра, 2021 йил 1 апрел ҳолатига, 188 млрд сўм (20 фоиз) миқдорида маблағ ажратилиб, 108 млрд сўм (12 фоиз) миқдорида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

Бу маблағлар ҳисобидан 238 км узунликдаги ичимлик ва 34 км оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинган.

«2020 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ, халқаро молия институтлари иштирокида (ХМИ) умумий қиймати 2,1 млрд долларга тенг (шундан, 1,8 млрд доллар (87 фоизи) ХМИ маблағлари) жами 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, дастур доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 16,4 млн доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Бу маблағлар ҳисобига ҳозирги вақтга қадар 62,4 минг километр ичимлик суви қувурлари, 241 та сув тақсимловчи иншоотлар, 134 та қудуқ, 97 та сув омборлари, 103 та сув миноралари, 2971,1 километр канализация қувурлари, 17 та канализация тозалаш иншоотлари, 143 та канализация насос станциялари қурилди ва фойдаланишга топширилган», – дейилади «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборотида.

Top