21:07 / 28.04.2021
15684

ХДПга ўзбек тилининг мавқейи керакмасми?

Халқ демократик партияси давлат ташкилотларига фуқаро қайси тилда мурожаат қилса, унга имкон қадар шу тилда жавоб қайтариш мажбуриятини юкламоқчи. Партия давлат органлари ҳар қандай тилдаги мурожаатларни қабул қилиши керак, деб ҳисобламоқда. Бу мантиқсизлик эмасми?

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

27 апрел куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ҳар доим ҳам бўлавермайдиган қарама-қаршиликлар кузатилди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар лойиҳанинг 12-моддаси бўйича иккита катта тарафга бўлинишди.

Натижада лойиҳа қабул қилинмай, муҳокамаси учинчи ўқишга қолди. Бунда Халқ демократик партияси депутатларининг «хизмати» катта бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Лойиҳанинг 12-моддасида нима дейилган?

Модданинг «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган таҳририда:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.

Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таклиф қилинаётган таҳририда эса:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, 12-модданинг «Миллий тикланиш» таклиф этган таҳририда давлат тилининг мавқейини кўтаришга қаратилган қоидалар белгиланган. Қўмита илгари сурган вариантда эса давлат тилини ривожлантириш эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган.

Айтиш лозимки, агарда модданинг қўмита таклиф этган таҳрири қабул қилинса, ушбу модда ортидан иш берувчилар ишга қабул қилишда номзодларнинг хорижий тилни билишига мажбурий талаб сифатида қараб, ушбу талабга тўғри келмаганларни ишга қабул қилишдан қонунга зид равишда бўйин товлаш тенденцияси шаклланишига олиб келиши мумкин.

Бу эса давлат тилининг обрўйига ва ривожланишига бевосита салбий таъсир қилади.

Бундан ташқари, таклиф қилинаётган «мумкин қадар» деган мужмал жумла амалиётда турлича талқин қилинади, вақти келса, ташкилотда хорижий тилни биладиган ходимлар йўқ бўла туриб, мурожаатни хорижий тилда кўриб чиқиш ва ушбу тилда жавоб ёзишга бўлган ортиқча чиранишларни ва вақт йўқотишларни келтириб чиқариши мумкин.

Шунга қарамай, «Миллий тикланиш» томонидан таклиф этилган таҳрир овоз беришда етарлича қаршиликка учради.

Ўз ўрнида, қўмита таклиф этган вариант ҳам етарли қаршиликларга учраб, қабул қилинмай қолди.

Энг эътиборли жиҳати, 12-модданинг давлат тилини ривожлантиришга қаратилган таҳририга энг кўп қарши овоз берган депутатлар – Халқ демократик партияси аъзоларидан иборат бўлиб чиқди: 18та қарши ва 2та тарафдор. Айнан шу депутатлар гуруҳидан 18таси қўмита таклиф этган таҳрирни ёқлаб овоз беришган.

ХДПнинг бу даражада эскича қоидаларга ёпишиб олгани сабаби номаълум. Балки, ёши катта, эски тузум тарафдори бўлган, ўз она тили қолиб, бошқа тилда сўзлашишни ва иш юритишни афзал кўрувчи депутатлар кўпчиликни ташкил этар, балки «Миллий тикланиш» партиясини ўзларига рақобатчи санаб шундай йўл тутишгандир, буёғи бизга қоронғи.

ХДП аъзоларининг бу ҳаракатлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Ҳатто тармоқ фойдаланувчилари орасида партияни «Халқ душманлари партияси» деб атаганлар ҳам учради.

AzonTV лойиҳаси муаллифи Мубашшир Аҳмад ўз саҳифасида қуйидаги фикрларни билдирди:

«Унча-мунчага тушкунликка тушмайман. Лекин депутатларнинг (депутатларимиз дегани тилим бормади) кечаги қилғилиғи менга жуда қаттиқ зарба бўлди. Иккинчи кун ўтяпти, лекин ўзимга кела олмаяпман.

Ёшлигимизда (15-18 ёшлар) ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига қилинган фидокорона ҳаракатларга гувоҳ бўлганмиз. Ҳали совет иттифоқи қуламаган кезларда зиёлиларимиз тил масаласини ҳаёт-мамот даражасига олиб чиқишганди. Миллатнинг, юртнинг тириклигини унинг тириклигида кўришганди.

Ундан кейинги даврларда диндор қатламга қўшиб, зиёли қатлам ҳам қатағон қилингани бежизга эмас экан. Мана, ўша жиноятлар мевасини энди териб оляпмиз. Ҳали бу аччиқ меваларни анча вақтгача "чайнаш"га мажбур бўлсак керак.

Нима бўлганда ҳам, кечаги қилғилик динга, ватанга, миллатга, тарихга, келажакка ва адолатга қилинган хиёнат бўлди. Бу қилғиликнинг бошқа таърифи йўқ!»

Бу борада хориж тажрибасидан маълум бўлишича, дунёнинг кўплаб давлатларида давлат ташкилотларига мурожаат қилинганда мурожаатнинг ва мурожаатга жавобнинг давлат тилида бўлиши қонунда қатъий талаб сифатида белгилаб қўйилган.

Хусусан, Россия Федерациясининг «Давлат тили тўғрисида»ги федерал қонунининг 3-моддасида Россия ҳудудида фаолият юритадиган ҳар қандай ташкилот, мулкчилик шаклидан қатъи назар, иш юритишни давлат тили, яъни рус тилида олиб бориши лозимлиги белгиланган.

Литва Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасида республика ҳудудида иш юритиш ҳеч бир истисноларсиз фақат давлат (литва) тилида олиб борилиши белгиланган. Қонуннинг 8-моддасида суд процесслари, 9-моддасида ҳатто жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги битимлар ҳам давлат тилида амалга оширилиши белгиланган.

Эстониянинг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунида давлат ташкилотига бошқа тилда мурожаат қилинганда ташкилот мурожаатчидан мурожаатнинг давлат (эстон) тилидаги таржимасини топширишни талаб қилишга ҳақли экани белгиланган. Бу ерда шундай истисно борки, мамлакатнинг бирор маъмурий-ҳудудий бирлигида яшовчи этник озчилик ушбу ҳудуд аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этсагина, ушбу тилда ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, Францияда 1994 йил 4 августда қабул қилинган Тубон қонунида, Озарбойжоннинг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунида давлат ва нодавлат ташкилотларида иш юритиш тили сифатида озар тили белгилаб қўйилган.

Юқоридаги мисоллардан англаш мумкинки, давлат ташкилотига бошқа тилда мурожаат қилишда мурожаатнинг давлат тилидаги нусхаси талаб қилиниши ва унга давлат тилида жавоб берилишини белгилаш ҳеч қандай қўрқинчли ҳолат эмас ва бу чоралар давлат тилининг нуфузини оширишда хизмат қилади.

Айтиш лозимки, «Миллий тикланиш»дан бошқа партиялар аъзоларининг ҳам деярли ярми қарши овоз беришган. Масалага нисбатан бетараф қолганлар ва умуман овоз бермаганлар ҳам салмоқли экани кишини ўйлантиради. Давлат тилининг кейинги тақдирини ва обрўйини ҳал қилиш палласида халқ номидан иш қилиши керак бўлган вакилларнинг лоқайдликка берилиши қандай ҳам аянчли ҳолат...

Ахир, тил миллатни бирлаштирувчи ягона восита эмасми? Биз Англия деганимизда инглиз тили, Франция деганимизда француз тили, Россия деганимизда рус тили кўз олдимизга келиши бежиз эмас. Чунки ушбу давлатлар ўз миллатининг тилини юқорига кўтариш, ўз ҳудудида тилининг ҳурматини жойига қўйиш орқалигина халқаро майдонда обрў топиш мумкинлигини бундан бир неча асрлар аввал англаб етишган.

Миллат ўз тилини қадр топтирсагина ўзи ҳам қадр топади.

Яқинда Россия президенти Владимир Путин рус тилининг ҳимояси бўйича қуйидаги фикрларни билдирганди:

«Россия мактабларида муҳожирлар фарзандларининг улуши шундай бўлиши керакки, уларни рус тили ва маданий муҳитига мослаштириш имконияти мавжуд бўлсин, қолаверса Европа ва АҚШда бўлаётгани каби фақат муҳожирларнинг болалари ўқийдиган бутун бошли мактаблар пайдо бўлиши ҳолатларига йўл қўймаслик лозим».

Путин яхши англайдики, рус миллатининг руҳи, портрети ҳисобланган рус тилини мактабданоқ ҳимоя қилмаса, бориб-бориб бутун миллат йўқликка учрайди. Аммо, бизнинг депутатлар бу ҳақиқатни англаб етишганмикан? Бошқа миллат вакиллари шу давлатда яшаяптими, давлат тилини ҳам минимум даражада бўлса-да билиши лозимлиги адолатдан бўлмайдими?

Ҳар эҳтимолга қарши эслатиб ўтишни жоиз деб билдик. Жорий йилнинг 25 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида сиёсий партияларнинг 2020 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган эди. Жумладан, ХДП раиси Улуғбек Иноятов 2020 йилда партия ҳисобрақамларига 23 миллиард 842 миллион 410 минг сўм келиб тушганини, ушбу маблағларнинг 48 фоизи партиянинг ўз маблағларидан иборатлигини маълум қилганди. Бундан англаш мумкинки, молиялаштириш манбасининг қолган қисмини давлат бюджетидан жалб қилинган маблағлар, яъни халқнинг солиқларидан ва бошқа бойликларидан тўпланган маблағлар ташкил қилади.

Давлат тилининг устун мавқейини белгилашга қарши чиққан ва бу масалага лоқайд бўлган депутатлардан солиқ тўловчилардан олинаётган маблағлар қанчалик оқланаётгани, сайловчилар ўзлари тўлаётган солиқларидан ушбу депутатларнинг маош олишига қанчалик рози бўлаётгани ҳақида атрофлича мулоҳаза юритишларини ва шунга муносиб ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Top