20:27 / 08.05.2021
14478

Тошкентда ишламаётган бодикамера билан ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган ЙПХ ходимига чора кўрилгани маълум қилинди

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкентда ишламаётган бодикамера билан ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган ЙПХ ходими ва унинг раҳбарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқда «Бодикамераси ишламаётган ЙПХ ходими» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалган. Унда 25 апрель куни Сергели тумани ҳудудида жойлашган «Турбанов» блокпостида ҳужжатларини текшириш учун «Malibu» ҳайдовчисини тўхтатган ЙПХ ходимининг бодикамераси ишламаётгани акс этган.

Видеолавҳада ЙПХ ходими ҳайдовчига бодикамера мосламасининг қуввати тугаганини айтгани, ўз навбатида ҳайдовчи бу ҳолатга нисбатан эътироз билдиргани кўринади.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузгани учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Акбаровга ва унинг бевосита раҳбарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомнинг 18-бандига асосан ҳайдовчилар бодикамерасиз ЙПХ ходимига ҳужжат кўрсатмаслик ҳуқуқига эга бўлишган. Ўз навбатида, ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчиларига мобил видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилишга ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видеоёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришга мажбур.

ИИВ қурилма бир марта қувват олганда узлуксиз 8 соат ишлашини, бодикамера қуввати тугаганда ЙПХ ходими уни автоматик қувватлагичга улаган ҳолда фаолиятини давом эттириши мумкинлигини маълум қилган.

Аввалроқ Андижон, Қашқадарё ва Навоийда бодикамерасиз фаолият юритаётган ЙПХ ходимлари аниқланган эди.

Top