Жаҳон | 21:47 / 15.05.2021
16142
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Исроилнинг авиазарбасидан сўнг ундан ОАВ хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди

Аввалроқ Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторидаги маҳаллий ва халқаро ОАВ офислари жойлашган бинога зарба берганди. AP агентлиги раҳбарияти Исроил авиациясининг зарбасидан шокда эканини билдирди.

Фото: AP/ТАСС

Оқ уй Ғазо секторидаги Associated Press агентлиги ва «Ал-Жазира» канали ваколатхоналари жойлашган бинога авиазарба берилганидан сўнг Исроил ҳукумати билан боғланди. Бу ҳақда АҚШ президентининг матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

«Биз Исроилга журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари хавфсизлигини таъминлаш биринчи навбатдаги вазифа эканини тўғридан тўғри айтдик», деб ёзди у Twitter’да.

Аввалроқ Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторидаги маҳаллий ва халқаро ОАВ офислари жойлашган бинога зарба берганди.

Исроил мудофаа армиясининг баёнотига кўра, бу бинода ҲАМАС ҳаракатининг разведка штаби фаолият олиб борган.

Associated Press (AP) агентлиги раҳбарияти Исроил авиациясининг зарбасидан шокда эканини билдирди.

«Биз Исроил ҳарбийлари AP бюроси ва бошқа янгиликлар тарқатувчи ташкилотлар жойлашган бинога зарба берганидан шокдамиз ва қўрқувдамиз. Улар бюромиз қаерда жойлашгани ва у ерда журналистлар борлигини биларди. Биз бинога зарба берилиши тўғрисида огоҳлантирилдик», деди AP президенти ва бош директори Гари Прюитт.

У одамлар мўъжиза туфайли омон қолганини айтди.

«Ўнлаб журналистлар ва штатдан ташқари ходимлар бино ичида эди ва бахтимизга, уларни вақтида эвакуация қилдик», деб қўшимча қилди у.

Мавзуга оид