Президент ташрифи ортидан Гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўзгарди
Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Миралишер Садриддинович Исломов Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
У фаолияти давомида Тошкент тиббиёт институти 1-клиникаси бўлим бошлиғи, ушбу клиниканинг Хирургия бўлими бош мутахассиси, даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари, бош шифокори, шунингдек, AKFA MEDLINE МЧЖда тиббиёт технологиялари бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишлаган. Бундан ташқари, у Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ҳам фаолият юритган.
Тиббиёт фанлари доктори Миралишер Исломов тайинловдан аввал Қурилиш вазирлиги бош экспертизаси, тиббиёт технологияси бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, беморларнинг ҳолидан хабар олганди.
Маълумот учун, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази 2020 йил февралида Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти негизида ташкил этилганди.
Ушбу муассасага 2018 йил октябридан буён Абдураҳмон Қаюмов раҳбарлик қилиб келаётганди. Унинг кейинги фаолияти тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.