2021 йилнинг февраль ойида солиқ органлари томонидан кўплаб тадбиркорларнинг шахсий кабинетига ҚҚС бўйича ҳисобга олинган суммалар бекор қилингани тўғрисида хабарнома жўнатилди. Шундан сўнг, солиқ тўловчиларнинг ҚҚС бўйича шахсий ҳисобварағига солиқлар ҳисобланди.

Бунинг ортидан кўплаб тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида судлашувлар бошланиб кетди. 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида солиқ органлари устидан берилган 15та ариза маъмурий судлар томонидан қаноатлантирилди.

Таҳририятга мурожаат қилган «B.» МЧЖ вакили эса худди шу мавзудаги аризаси иш маъмурий суд судловига тааллуқли эмас деб топилгани сабабли иш юритишдан тугатилганидан норозилигини билдирди.

Маълум бўлишича, 2021 йил 10 феврал куни Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан жамият битимларни кўзбўямачилик учун тузган, деб ҳисобланган ва ҚҚС бўйича ҳисобга олиш бекор қилинган. Жамият эса ушбу ҳолат бўйича Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, аризасида жавобгар Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси юқоридаги ҳаракатни Солиқ кодексининг 14- ва 266-моддалари талабига зид равишда, далил-исботсиз ҳолатда амалга оширган деб ҳисоблашини ва суддан бу ҳаракатни қонунга хилоф деб топиб, жавобгар зиммасига ўзининг юқоридаги ҳаракатини бекор қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Суд эса ўзининг 2021 йил 4 майдаги ажрими билан шикоят бўйича юритилган ишни маъмурий суд судловига тааллуқли эмас деб топиб, иш юритишдан тугатади.

Шу ўринда қайси ишлар маъмурий суд судловига тааллуқли, деган савол туғилади.

Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши белгиланган.

Шунингдек, Олий Суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг