Жаҳон | 20:34 / 23.05.2021
53169
14 дақиқада ўқилади

«Улкан механизм ичига кириб қолган қум зарраси». Петербургдаги терактда айбланган Шоҳиста Каримова ҳақида

2017 йилдаги Санкт-Петербург метросидаги терактда айбланиб, 20 йилга қамалган Ўзбекистон фуқароси Шоҳиста Каримова устидан ҳукм апелляцияда кўрилмоқда. Ҳимоя томонига кўра, аёлнинг терактга мутлақо алоқаси йўқ, орган ходимлари унинг сумкасига бомба бўлакларини солиб қўйган.

Шоҳиста Каримова / Фото: Петр Ковалев/ТАСС

2017 йил 3 апрел куни Санкт-Петербург метросининг «Сенная площадь» ва «Технологический институт-2» бекатлари оралиғида ҳаракатланган поезд вагонида портлаш содир бўлиб, 14 киши ҳалок бўлган эди.

Тергов, ушбу теракт ижрочиси – 1995 йилда Қирғизистонда туғилган, миллати ўзбек, 2011 йилда Россия фуқаролигини олган Акбаржон Жалилов, деган хулосага келган.

Терактга алоқадорликда гумон қилиниб, яна 8 киши қўлга олинган. Улар орасида ягона аёл киши – кафеда сабзавот етказиб берувчи бўлиб ишлаган Ўзбекистон фуқароси Шоҳиста Каримова ҳам бор эди.

Терговчилар унинг уйидан Ф-1 гранатаси детонатори ва бомба деталлари топилганини маълум қилган.

Орадан икки ярим йил ўтиб, 2019 йил декабрида суд ушбу воқеада айбланган 11 кишига ҳукм ўқиди – уларга 19 йиллик қамоқдан умрбод қамоққача бўлган жазолар тайинланди. Шоҳиста Каримовага 20 йил берилди.

Судланганлардан ҳеч бири ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.

Шоҳиста Каримова

Каримовага қўйилган айблов моддалари бир нечта хатбошидан иборат бўлса-да, у буларнинг ҳеч бирини бўйнига олмаган. Шунга кўра, иш апелляциягача етиб борган ва ҳукм ҳамон қонуний кучга киргани йўқ. Судда прокурор унга муддат сўраганида, Каримова ҳушидан кетган. Телевизорда ҳукм ўқиб эшиттирилган лавҳада эса у жазавага тушиб, қичқираётган ҳолида конвойга олиб кетилаётганди.

Бундан 2 йил аввал петербурглик 43 ёшли Елена Бабинцева ушбу видеотасвирни ижтимоий тармоқда кўриб қолади ва ундан қандайдир ҳислар ўтади. Шу лаҳзадан бошлаб у Шоҳиста Каримова тақдирининг бир қисмига, Шоҳиста Каримова эса унинг тақдирининг бир қисмига айланади.

Қолган воқеалар ҳақида Елена Бабинцеванинг ўзи News.ru сайтида эълон қилинган қуйидаги монологида сўзлаб беради.

Елена Бабинцева

Танишув

— Шоҳиста билан 2 йил аввал ёзиша бошладим. Ҳаммаси ўта тасодифий тарзда содир бўлди – кутилмаганда қафасда бақираётган аёл видеосига кўзим тушиб қолди. Ўшанда мен социопатлар, жумладан, ушбу воқеалар ва миянинг физиологик хусусиятлари ҳақида жуда кўп ўқидим. Терактга кетаётган одам қандай бўлиши, аёл кишининг бундай қилишига нима сабаб бўлиши мумкинлигига қизиқдим.

Ўша вақтларда Facebook'даги «Сказки для политзаключённых» («Сиёсий маҳбуслар учун эртаклар») саҳифасини учратиб қолдим. Унда турмада одамлар қандай ёзишиши мумкинлиги ҳақида сўз юритилганди. Улар билан боғландим ва улар менга Шоҳиста билан ёзишувни йўлга қўйишимда ёрдам беришди.

Мен: «Салом, Шоҳиста, мен Ленаман! Сенга қандайдир ёрдам беришим мумкинми?» деб ёздим. Ёзишмаларимиз шу тарзда бошланди. Амин бўлдимки, унинг руҳий барқарорлиги меникидан анча яхши экан. Унинг қимматли сифати бор экан – 50 ёшли, сиёсатга қизиқмайдиган, художўй бўлмаган мутлақ оддий инсон. Унинг кўплаб оилавий суратларини томоша қилдим.

У қизини турмушга беришга пул тўплаш учун Россияга келган. Ўзи тикувчилик бўйича техникумни битирган, бутун ҳаёти давомида тикувчилик қилган. Эрининг золимлигидан у билан ажрашган. Икки ўғли ва бир қизи билан қолган.

Оила диндор эмас. Ҳа, улар байрамларда тўпланиб қандайдир маросимлар ўтказишган, бироқ булар миллий урф-одатга айланган нарсалар. Россияга дастлаб қурилишда ишлаб пул топиш учун катта ўғли келган, кейин навбати билан оиланинг қолган аъзолари ҳам келишган. Ҳаммаси оиладаги якка-ю ягона қизга ҳашаматли тўй ўтказиб бериш учун.

Москвага келган Шоҳиста кафега ишга жойлашади, кафенинг бошқа хизматчилари билан бир квартирада бир йил давомида яшайди. Арсеналкадаги 5-сонли тергов изоляторига олиб келишмагунча у ҳеч қачон Санкт-Петербургда бўлмаган. Бу аёллар ва болалар изолятори.

У қамоққа тушганида, Путинга хат ёзишни бошлади, унга Россия катта оға, у билан содир бўлаётган нарсалар эса – баъзи органларнинг майда ходимлари томонидан қилинаётган «подстава»дек туюларди. Кейин мен ундан ҳаммаси қандай бўлганини сўрадим, бу иш ҳақида жуда кўп нарсаларни ўргандим ва тушуна бошладим.

У шу даражада содда бўлганидан, деярли ҳеч нарсани тушунмаган

— Шоҳиста сенсор эмас, босқичли телефон ишлатган. Унинг олдига кафеда бирга ишлайдиган хизматчи келиб, гўёки ўз сим-картасини фаоллаштириш учун унинг телефонини сўраб турган. Кейинчалик унга нисбатан барча айбловлар мана шунинг устига қурилган – унинг телефони терактни ташкил этишда ишлатилган. Тинтув бошланган. У полиция доимгидай «соққасини» олгани келди, деб ўйлаган. Унга хонадан чиқиб туришни айтишган, у чиқиб турган. Кейин уни хонага чақиришади. Қайтиб кирганида унинг сумкасини ағдаришади – сумкадан қурол бўлаклари чиқади. Кейин унга ушбу бўлакларни қўлига олишни ва сочига ишқалашни буюришади, у бажаради. Шу билан унга қуролни ноқонуний сақлаганлик моддаси қўйилади.

Ҳатто у камерада ўтирган вақтида ҳам уни алдаб, бошқа айбланувчиларга қарши кўрсатмалар олишган. У ҳеч нарсани тушунмайдиган шу даражада содда одам бўлган. Мана энди бу нарсаларга яхши тушуниб қолган.

Уни камерага улоқтиришади, овқат, гигиена воситалари беришмайди. Таржимон ҳужжатларни расво ўгирган, суд давомида у деярли ҳеч нарсани тушунмаган. У ана энди яхши адвокатга ёлчиди. Уни нима учун суд қилишаётганини энди-энди тушуна бошлади.

Тергов изолятори – шафқатсиз жой

— Адвокат менга ҳукмни берди – у 100 бетдан ошиқ эди. Агар сиз уни ўқисангиз, жуда кўп нарсаларни тушуниб оласиз. Мен отам онкологик касаллик билан касалхонага тушиб, унга ташхис қўйишни рад қилишганидан сўнг вафот этганида суд тизими билан тўқнаш келгандим. 3 йил Тергов қўмитаси билан мулоқот қилганман. Бу тажриба Шоҳистанинг айбсиз эканига ишонишимга туртки бўлди. Унинг ишидаги экспертизани отамнинг ишидаги айни ўша патологанатом ўтказган, шу боис менда ўзига хос пазл ҳосил бўлди.

Адвокатларнинг апелляцион аризаларини ўқиганимдан сўнг, ишонч билан айта оламанки, мен турмада туриб, бир тўда одамларни мафтун қилган Том Бандига эмас, беайб одамга ёзяпман. Мен ҳеч қачон одамларнинг гапига қараб ишониб кетавермайман.

У ҳеч нарсадан шикоят қилмаяпти – камерада тиш пастаси, қайнатилган сув йўқ, қолганлари ҳақида айтмаса ҳам бўлади. Совун ҳам йўқ. Лекин у сукут сақлайди. Қачонки, пичоқ суякка боргандагина бақиради. Бу муаммоларни биз у билан ҳал қилдик.

5-сонли тергов изолятори – қўрқинчли жой. У Петербург марказида жойлашган. Изоляторга келиш ва нарса бериб юбориш ахлоқли одам учун маънавий қийноққа ўхшайди – ҳамма худди сен жиноятчи қариндошингнинг олдига келгандай қараб туради. Худдики, сен бу ишинг билан булғаниб қоладигандай. Уёққа эса одатда, фоҳиша, наркоман, талончи, маиший қотил каби қариндошларни кўргани боришади. Лекин сен судланганларга ёрдам бераётганинг важи билан ўзингни тинчлантирасан.

Бир томондан, изоляторнинг шафқатсизлигига гувоҳ бўламан, бошқа томондан, ФСИН (Федеральная служба исполнения наказаний – Жазони ижро этиш федерал хизмати)да ишловчи компьютерчилардан миннатдорман, улар ажойиб инсонлар. Ичкаридагилар билан ёзишишга мўлжалланган «ФСИН-письмо» дастури учун, гарчи цензура билан ишласа-да, миннатдорчилик билдираман. Менинг Шоҳиста билан ёзишмамда 100дан ошиқ хатлар бор. Ёзишмамизда асосан, шеърлар, камерадошлар ҳақида ҳикоялар ўрин олган. Мен қариндошларим ҳақида сўзлаб бериб, уни чалғитишга ҳаракат қиламан.

Ўзбек диаспорасидан ёрдам бўлмади

— У ушбу даҳшатли стрессни унутишга ҳаракат қилди. У билан мулоқотимизнинг дастлабки вақтларида русчада жуда ёмон ёзарди.Шоҳиста мактабда русчани оз-моз ўрганган, болалари эса умуман билишмасди. Шунинг учун унинг 20 ёшли ўғли Сардорбекка онаси билан «ФСИН-письмо»да ёзишиши учун рус тилини ўргатдим. Унинг ўзи Москвада яшайди. Русчада жуда ҳам ёмон гапиради, унга мен билан гаплашишдан кўра, телефонда ёзишиш осонроқ, жуда кўркам йигит, онасини яхши кўради. Умуман, уларнинг оиласи жуда ҳам аҳил.

Мен Шоҳиста ва ўғли ўртасида 2 марта учрашув ташкиллаштирдим. Онаси билан ёзишиши учун ноутбук олиб бердим. Шоҳистанинг қизи Ўзбекистонда турмушга чиқди, лекин бошқаларнинг гап-сўзидан қўрқиб, онаси билан мулоқот қилолмайди. У ерда патриархал жамият чуқур илдиз отган.

Диаспорадан ёрдам нол бўлди. Адвокатнинг у ерга 2 марта бориб келиши бесамар кетди. Қолган жамоатчиликда ҳам «ажойиб» муносабат бўлди: «Уларга Россияга келиб нима бор эди», «Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди». Ҳеч ким 111 бетли ҳукмни ўқиб, вақт кетказишни хоҳламайди.

Шоҳистага Москва, Германия ва бошқа жойлардан 20 чоғли одам ёзиб туради.

Ўзимни активист деб ҳисобламайман

— Маълумотим бўйича биология ўқитувчисиман. Иқтисодчи мутахассислигим ҳам бор, Герцен университетини тамомлаганман. Озроқ вақт ўқитувчи бўлиб ишлаганман, лекин деярли бутун ҳаётим давомида савдо, маркетинг соҳасида ишлаганман – оёқ кийимдан тортиб бир неча миллионли нусха кўчириш аппаратигача нима тўғри келса, ҳаммасини сотишим мумкин.

Мактабда ишлаш маънан оғир – директорларнинг аҳмоқлиги, сайловларда қатнашиш ва бошқалар. Иқтисодчи эса бугун деярли мухолифатчи мақомида. Асосий ишим тақозоси билан руҳиятга оид кўплаб китоблар ўқийман, сиёсат ёки жамоатчилик ҳаёти билан эса ҳеч қачон тўқнаш келмаганман. «Активист» сўзини эса умуман кўргани кўзим йўқ. Бунгача ҳаётимдаги энг катта ижтимоий аҳамиятли ишим – бу менимча ўша вақтда уруш бўлаётган Донецкка, ит олиш учун уй ҳайвонлари бошпанасига борганим бўлган. Қизиқ тажриба – одатий ҳаёт ва жимжитлик уйғунлиги. Одатда, вақти вақти билан мушукчалар ва кучуклар ҳаётини сақлаб қоламан.

Ўзбек аёлларини ташқи кўринишига қараб бошқалардан ажрата оладиган бўлдим

— Бу – менинг сўнгги икки йил давомида орттирган кўникмам бўлди. Илгари мен учун барча жанубий халқлар бир хил туюларди, энди эса уларни фарқлай оламан. Бозорга бориб, сотувчи аёлдан у қаерлик эканини сўрайдиган одат чиқардим. Агар карантин бўлмаганда, мен Ўзбекистонга, унинг онасининг олдига борган бўлардим. Унинг онаси 90 ёшда. Кампирга қизи билан содир бўлган воқеалар ҳақида узоқ вақт айтишмаган, мен ҳозир ҳам унинг Шоҳиста нима учун ҳибсда эканини тушуна олишига ишонмайман.

У билан ҳеч қачон шахсан учрашмаган бўлсам ҳам, у менга опадай бўлиб қолди. Мен унинг изтиробларини ўзимникидек қабул қиламан. Бунинг ортидан сўнгги икки йилда соғлиғим ҳам ёмонлашди. Ҳар сафар хат ёзишга ўтирганимда, ҳар бир хат соғлиғимнинг ва умримнинг бир қисмини юлиб кетгандай бўлади. Бу ҳақиқат.

Мен совуққон одамман, ҳатто унинг турмада қолишига ҳам руҳан тайёрман. Уни қайси колонияга ўтказа олишим мумкинлигини ҳам ўйлаб кўрганман. Унга пул ва бошқа нарсалар жўнатишга тайёр одамлар ҳам бор. Шунчаки, унинг яшаб қолишига ишончим комил эмас. У бемор аёл, унинг қон кетиши ва тушунарсиз неврологик касалликлари бор. Турмада эса инфекция ва сил ҳам бор. У жануб одами, 2 йилдан бери овқатланиши чекланган – у ерда витаминларсиз, ёмон овқатлантиришади. Дори ва витаминлар жўнатай десам, ҳозир мумкинмас.

Процесснинг бориши оптимизмга асос қолдирмаяпти...

— Агар апелляциядан кейин у бирдан озодликка чиқиб қолса, нима қилган бўлардим? Шундай бўлса, жуда ажойиб иш бўларди. Балки, ҳозир адвокатлар қаттиқ тер тўкаётгандир, бироқ менинг назаримда далиллар етарли эмасдай. Унинг сумкасидан чиққан нарсаларни қандай йўқотиш мумкин? Улар буни ўзлари солиб қўйганини айтишмайди-ку. Юртимизда бўлаётган жараёнлар – бу улкан шестерналар. Уларнинг орасига бу аёл қум зарраси сингари кириб қолди.

Яна бир эҳтимол шуки, уни Ўзбекистон жазони ўз ҳудудида ўташ учун олиб кетади, бу унга қулайроқ бўларди. Лекин Ўзбекистон бу ишга ҳеч қандай қизиқиш билдирмади. Процесснинг бориши ҳам некбинликка берилишга асос қолдирмаяпти.

У озодликка чиқса, нима қиламан? Ўзбекистонга йўл оламан, ош егани бораман. Оилавий дўстлашамиз.

Мен Шоҳиста билан алоқамдан сўнг ўзгариб қолмадим. Шунчаки, кўпроқ тушунишни бошладим. Менда жамиятимиз ҳақида ҳеч қандай иллюзия йўқ. У билан содир бўлган нарсалар исталган одам билан бўлиши мумкин. Мен бўлганимда ҳам худди унга ўхшатиб унутиб юборган бўлишарди. У нимага умид қилаётганини билмадим. Менимча, нимагадир умид қиляпти. Мен ҳам.

Мавзуга оид