12 май куни Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидан оқиб ўтувчи каналдан 17 ёшли қизнинг жасади топилган эди.

Бу ҳақда Kun.uz эълон қилган дастлабки хабарда, тумандаги 45-мактабда ўқиган қизнинг яқинлари у ўлимидан олдин қишлоқдош тўрт йигит томонидан номуси топталган бўлиши мумкинлигини айтгани маълум қилинганди.

Kun.uz мухбирлари ҳолатни ўрганиш мақсадида Паст Дарғом туманида бўлди.

Марҳуманинг онаси Хадича Ҳайитова 2021 йилнинг 11 майида, саҳар вақти қизи йўқолиб қолганини айтмоқда. Бувиси билан бир хонада тунаб келган Севинчнинг уйда йўқлигини билгач, оила аъзолари уни қишлоқ бўйлаб излашга киришади. Кўп ўтмай Севинч ишлатиб келган қўл телефони ва унинг оёқ кийими қишлоқ четидаги анҳор бўйидан топилади.

Телефондаги кириш-чиқиш қўнғироқлари кўздан кечирилганда, саҳар вақтида бегона рақамдан унга қўнғироқ бўлгани аниқланади.

Ўша рақамга қўнғироқ қилинганда, шу маҳаллада яшовчи О. исмли йигит экани маълум бўлади. Ўша йигит қизнинг яқинларига ярим тунда 45-умумтаълим мактабининг олдида Севинч тўрт нафар қишлоқдош йигитлар таъқибидан қочаётганини кўрганини айтган.

О.нинг сўзларига кўра, у қизни таъқиб қилаётган йигитларни тўхтатиб, сўроққа тутган; шундан сўнг йигитлар кўздан ғойиб бўлган қизнинг қаердалигини топиш мақсадида унинг телефонидан фойдаланиб, Севинчнинг қўлидаги телефонга қўнғироқ қилишган.

Вазият жиддий тус ола бошлаганини билгач, қаттиқ ташвишга тушган яқинлари саҳар вақтида қизни таҳқирлашга уринган йигитларни топишган. Севинчнинг қариндоши Баҳодир Маҳмудов қизнинг йўқолишида гумон қилинган йигитлар маҳалла биноси ва мактаб ҳовлисида сўроққа тутилганини айтди.