Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунига қўшилган 27-1 модда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирди.

Шу асосда йирик интернет компаниялар ва ижтимоий тармоқлардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаш талаб этилмоқда.

Kun.uz қонунга киритилган мазкур қўшимча юзасидан тафсилотларни ёритди, шунингдек, мавзу юзасидан жамоатчилик фаолларининг фикри ва таҳлилий мақолалар бериб келинмоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – бир неча йилдан буён Малайзияда истиқомат қилаётган юртдошимиз, Universiti Sains Islam Malaysia олийгоҳининг Ахборот хавфсизлиги кафедраси етакчи мутахассиси, фан доктори Анвар Нарзуллаев.

– Қонунчиликдаги янги ўзгаришларга кўра, ижтимоий тармоқлар ва интернет хизматларини кўрсатувчи мулкдорлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган серверларини жисмонан Ўзбекистонга олиб келиб, сақлаши шарт деб белгиланди. Бунинг давлатга қандай фойда ва зарарлари бор?

– Қонунда аниқ ёзилмаган бўлса-да, масъул ташкилотларнинг баёнотлари ва ушбу ўзгаришга депутатларнинг муносабатларидан ҳам билсак бўладики, мақсад – Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларига ҳужум ёки қандайдир тажовуз бўлганида жавобгарликни ўша компаниялар зиммасига юклаб қўйиш. Асосий кўзланган мақсад сифатида мен шуни тушундим.

Умуман олганда, Google, Facebook ёки Microsoft каби компаниялар Ўзбекистонга кириб келиб, дата марказларини очишса, ижобий нарса. Бу биздаги сиёсий, иқтисодий ва муҳими техник базамизга бўлган ишончни билдиради. Чунки бундай катта компаниялар бирор давлатга кириб келишидан аввал катта изланиш қилади, вазиятни ўрганади. Бундан ташқари, уларнинг кириб келиши иш ўринларининг яратилиши, инфратузилма ва IT соҳасининг ривожланишига туртки беради.