Евро-2020. А гуруҳи
Италия — Швейцария — 3:0 (1:0)
Голлар: Локателли, 26 (1:0). Локателли, 52 (2:0). Иммобиле, 89 (3:0).
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Бонуччи, Кьеллини (Ачерби, 24), Спинаццола, Барелла (Кристанте, 87), Жоржиньо, Локателли (Пессина, 86), Берарди (Толой, 69), Иммобиле, Инсинье (Кьеза, 69).
Швейцария: Зоммер, Аканжи, Элведи, Шер (Цубер, 57), Мбабу (Видмер, 58), Чака, Фройлер (Соу, 84), Шақири (Варгас, 76), Родригес, Эмболо, Сеферович (Гавранович, 46).
Огоҳлантиришлар: Гавранович, 49. Эмболо, 79.
Ҳакамлар: Карасев. Демешко, Гаврилин (барчаси — Россия)
ВАР: Данкерт. Гиттельманн, Фриц (барчаси — Германия), Гиль (Польша).
16 июнь. Рим. Олимпийский стадиони. 12445 томошабин.

Фаворитлар одатда ўйиндан ўйинга кучайиб, плей-оффдаги ҳал қилувчи ўйинларда ўз имкониятларини тўлиқ ишга сола бошлайди. Аммо Италия биринчи турданоқ ўз мақсадларини намойиш эта бошлади. 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган итальянлар Роберто Манчини бошқаруви даврида юқори спорт формасига чиқишди. «Скуадра адзурра» 29 ўйиндан буён мағлубият билмай келмоқда, сўнгги 10 ўйинда эса дарвозалари дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалабага эришди – «Сити»нинг собиқ бош мураббийи итальянлар футболи фалсафасини бутунлай ўзгартирди, унинг даврида Италия «катеначчо»ни унутди.

Манчини шогирдлари катта умидлар билан Европа чемпионатига келган Туркияни биринчи турдаёқ умидсиз ҳолатга туширишди. Биринчи бўлимда юқори прессинг билан рақибга ўйин бермаган жамоа иккинчи бўлимда қаторлаштириб гол урди - 3:0.

Янги авлоди билан бу турнирда узоққа бориши тахмин қилинган  турклар иккинчи турда ҳам мағлубият аламини тотишди - Гарет Бэйлнинг голли паслари эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган Уэльс амалда Евро-2020 плей-оффига чиқди. Нимчорак финалга йўлланма олиш учун 4 очко ҳам кифоя қилади, уэльсликлар гуруҳда учинчи бўлиб қолишса ҳам энг яхши учинчи ўрин эгалари қаторига киришади. Ўтган сафарги Европа чемпионати якунида ғолибликни қўлга киритган Португалияга гуруҳдан чиқиш учун 3 очко ҳам етарли бўлганди.

Кўп ўтмай Италия расман плей-офф масаласини ҳал қилди.

«Скуадра адзурра»нинг ажойиб стартидан кейинги ўйинини кўриш қизиқ эди. Туркия қаторасига икки мағлубиятдан кейин аслида у қадар кучли жамоа эмаслиги кўриниб қолди. Бундан ташқари, илк ўйиндаёқ улкан муваффақиятдан кейин жамоа ҳаяжонларини босиб олиши керак эди, ахир Манчини ва Ко бунга ҳали ўрганмаган — бу таркиб учун бу илк катта турнир.