Жамият | 19:59 / 26.06.2021
6046
3 дақиқада ўқилади

«Мен суйиб гул узсам эмасман жаллод»: Самарқанднинг хосиятли шоираси икки сатри билан уюшма аъзоси бўлганди

Дерлар ширин сўзнинг гадолари кўп,
Ёниб турган кўзнинг адолари кўп.
Юртлар бор, ҳаттоки худолари кўп,
Ватан ягонадир, Ватан биттадир!

Ушбу мисралар нафақат самарқандликларнинг, балки адбиёт ва санъатга ихлосманд барча юртдошларимизнинг аллақачон қалбидан жой олиб улгурган. Шеър муваффақиятли қўшиққа айланганига ҳам бир неча ўн йиллар бўлди.

Самарқанднинг катта шоираси Хосият Бобомуродованинг қутлуғ 70 ёши вилоят бўйлаб кенг миқёсда нишонланмоқда. Юбелий муносабати билан вилоятда «Номингдан айланай, Ўзбекистоним» деб номланган ижодий кеча ўтказилди. Тадбирда  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ шоирани табриклаб, уюшма раисининг табригини ўқиб эшиттирди.

Кечада Маматқул Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов, Фармон Тошев, Собир Ўнар, Салим Ашур, Шарифа Салимова, Шаҳодат Исахонова, Мунаввара Усмонова, Тошпўлат Тугалов каби таниқли адиб ва шоирлар ҳамда вилоят жамоатчилиги иштирок этди.

Айтиш мумкинки, Хосият Бобомуродова сўзининг салмоғи, баракали ижод маҳсули билан республикамизнинг барча вилоятларида ўқувчисини топган, шогирдлар тайёрлаган.

У Тошкент давлат педагогика университетини битиргач, дастлаб Хатирчи туманидаги 14-умумтаълим мактабида ишлаган. Кейинчалик, «Зарафшон», «Дўстлик байроғи» каби газеталарда мухбир, Самарқанд ва Навоий вилоятларида Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси, «Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Шу кунга қадар ўттиздан ортиқ шеърий тўпламлари, публицистик асарлари, драма ва достонлари нашр этилган. Асарлари тожик, рус, инглиз ва хитой тилларига таржима қилинган.

Шу ўринда бир гап. Кўп йиллар олдин Самарқандда Ёзувчилар уюшмасининг кўчма йиғилиши ўтказилади. Шу вақтларда уюшма аъзоси бўлиш учун камида иккита тўплам нашр қилиниши жиддий талаб этилган. Хосият Бобомуродова ҳам ариза топширган. Ўша тадбирда қатнашган шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов сўз олиб: «Мен суйиб гул узсам эмасман жаллод, Мен узмаган гуллар қилсинлар фарёд», – деган икки сатр шеъри учун Хосият Бобомуродовани уюшма аъзолигига қабул қилишларингизни сўрайман», деб таклиф киритган ва лутф қилган.

Хосият Бобомуродованинг сафдошлари, унинг ижоди ҳақида сўз олган қалам аҳли шу каби воқеаларни хотирлар экан, шоиранинг соҳада яратган мактабини эътироф этишди.

Дарвоқе, яқинда Хосият Бобомуродованинг икки томлик сайланмаси чоп этилди ва адабий кечада ўқувчилар қўлига етиб борди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.

Мавзуга оид