Инспекция баёнотида қайси тармоқлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.
“Ўзбекистон Республикаси “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунининг 271-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар 2021 йил 2 июлдан “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”га киритилди ва интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланди”, – дейилади расмий ахборотда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 июл куни эрталабдан ўзбекистонликлар Twitter, TikTok, Skype ва Вконтакте платформаларига киришда муаммоларга дуч келмоқда.
16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинмоқда.
Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Google, Facebook, TikTok, Telegram ва бошқалар дохил Ўзбекистондаги оммабоп интернет-сервислар маъмуриятига огоҳлантириш хатлари юборган. Улардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни республикага олиб келиб сақлаш талаб қилиняпти.
Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақам ва паспорт маълумотлар кабилар киради.
“Ўзкомназорат” бошлиғи Ғолибшер Зиёев Kun.uz саволига жавобан шахсий ёзишмаларни Ўзбекистонга кўчириш шарт эмаслигини айтган

















