Жаҳон | 23:03 / 18.07.2021
16884
6 дақиқада ўқилади

Коронадайжест: Жонсон иҳоталанди, Токиодаги Олимпия қишлоғи спортчиларида касаллик чиқмоқда

Токиодаги Олимпия ўйинлари бошланишига кам вақт қолганида уч спортчи вирусга чалинди. Буюк Британияда касалланиш ҳолатлари ўсиши давом этмоқда, бош вазир Борис Жонсон ва молия вазири Риши Сунак касалланганлар билан алоқада бўлганликлари туфайли ўзларини иҳоталашга рози бўлишди.

Фото: EPA/Vostock-photo

Токиода спортчилар касалланди
Токиодаги Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси Олимпия қишлоғида яшаётган спортчилар орасида коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолатлар ҳақида хабар берди - бу 23 июль куни бошланадиган олимпиаданинг очилиш маросимига бир неча кун вақт қолганида содир бўлмоқда.

Ҳозирда уч нафар атлетда вирус тасдиқланган. Касалланганларнинг икки нафари Олимпия қишлоғида яшаётган ЖАР футбол жамоаси аъзоларидир. Улардан ташқари, Жанубий Африка спорт делегациясининг яна бир ходимида тест натижаси мусбат чиққан. Covid-19 аниқланган яна бир спортчи қишлоқдан ташқарида бўлган, унинг шахси ҳозирча маълум қилинмади. Ташкилотчилар касаллик аниқланганлар алоҳида қилингани, жамоанинг бошқа вакиллари ҳам тест топширгани ҳақида маълум қилишган.

Токиодаги олимпия қишлоғида (турар жойлар комплекси ва овқатланиш марказларидан иборат) 6700 нафар спортчи ва расмий шахслар жойлаштирилган.

Якшанба куни мобайнида Олимпиада билан боғлиқ 10та янги касалланиш ҳолати аниқланган. Бир кун олдин 15та янги ҳолат тасдиқланганди.

Олимпиада билан боғлиқ жами касалланиш ҳолатлари сони 55тага етган, уларнинг аксари расмий шахслар ва турнирни ўтказиш ишларида ишлаётган ходимлардир.

Масалан, касаллик Халқаро олимпия қўмитасининг жанубий кореялик аъзосида аниқланган - у Токиога қўниши билан тестининг натижасини олган. Муқаддам стол теннисида Олимпиада ўйинларида қатнашиб келган Ю Син Мин вакцина қабул қилганди, бу эса турнирнинг эмланган иштирокчиларида ҳам касалликка чалиниш эҳтимоли борлигини кўрсатади. Ҳозирда у изоляторда, у Япония ҳукуматининг қарори бўйича карантиндан чиқади.

Сўнгги кунларда Токио аҳолиси орасида ҳам касалланиш кўрсаткичи кўтарилмоқда - қаторасига беш кун давомида кунлик янги ҳолатлар сони мингдан ошиқ бўлмоқда. Сўровлар японларнинг кўпчилиги Олимпиадани ўтказишга қарши бўлганини кўрсатмоқда - дунёнинг турли нуқталаридан келаётган меҳмонлар касалланиш тарқалиши хавфини оширмоқда.

Янги ҳолатлар янги жорий этилган кўп босқичли тестлаш тизими туфайли аниқланмоқда - бу режим касалланганларни тезлик билан аниқлаш ва карантинга олиш имконини беради.

Сўровлардаги маълумотларга кўра, бош вазир Ёсихидэ Суга ҳукуматининг рейтинги 35,9 фоизгача пасайган, бу унинг 2020 йил сентябрида ҳокимиятга келишидан буён қайд этилган энг қуйи кўрсаткичдир. Шу билан бирга, сўралганларнинг атиги 29,4 фоизи ўтган душанба куни жорий этилган тайёргарликнинг тўртинчи даражаси мамлакатдаги вазиятни назорат қилиш имконини беради деб ҳисоблайди.

Токио Олимпиадаси 23 июль куни старт олади, ўйинлар деярли томошабинларсиз ўтказилади.

Жонсон касал вазир билан учрашгандан кейин изоляция қилинди
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон шу кунларда коронавирусга чалингани аниқланган соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид билан контактда бўлгани туфайли ўзини иҳоталашини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавиднинг тести мусбат натижа берган

Аввалига Жонсон карантинга кетишдан бош тортиб, касалликнинг олдини олиш бўйича янги схемада иштирок этишини маълум қилганди, бу пилот схема ҳар куни тест ўтказишни назарда тутади. Даунинг-стритдагилар бош вазир фақат ўзининг муҳим давлат ишлари билан шуғулланиши билдиришганди.

Аммо шундан икки ярим соат ўтиб, жамоатчилик танқидлари тўлқини фонида у ўзини иҳоталашга рози бўлди ва учрашувларни онлайн форматда ўтказишини маълум қилди.

Жавид билан алоқада бўлган молия вазири Риши Сунак ҳам дастлабки қарорини ўзгартириб, хатосини тан олган ҳолда ўзини иҳоталаган.

Мухолифатдаги Лейбористлар партияси эса ҳукумат аъзоларини британ жамоатчилиги учун қабул қилинган қоидаларни четлаб ўтишга уринишда айблади. «Одамлар қоидаларга риоя этиш учун кўп иш қилишди. Биз ўзини иҳоталаш методига ишончни сақлаб қолишимиз керак, болаларнинг ота-оналари, ишчилар ва корхоналар Даунинг-стритда бўлаётган ишлар бўйича ҳақли саволлар беришмоқда», деган лейбористлар етакчиси Кир Стармер.

Сажид Жавид 17 июль, шанба куни тестининг мусбат натижасини олганди, жума куни у Даунинг-стритда учрашувга борган. Бу учрашувдан ташқари, ҳафта давомида Жавид Уайтҳоллдаги офисида ишлаган ва уч марта парламентда бўлган. Шунингдек, у сешанба куни Лондон жанубидаги кексалар уйида бўлгани маълум.

51 ёшли Жавид AstraZeneca вакцинасининг икки дозасини ҳам қабул қилганди, у ўз уйида оила аъзолари билан иҳоталанган. У ўзидаги касаллик симптомлари «жуда енгил» эканини айтган. Жонсон ўтган йил апрелида касалликни бошдан кечирганди. Бош вазир шу йилнинг мартида AstraZeneca вакцинасининг биринчи дозасини, июнда иккинчи дозасини қабул қилганди.

BBC корреспонденти хабар беришича, Британия ҳукумати тарихидаги ўз ниятини ўзгартириш бўйича энг тез қарор қабул қилинди - қайта ўйлаб кўриш учун 157 дақиқа етарли бўлди. Энди ҳукумат ўта ноқулай ҳолатда қолди: ҳукуматнинг икки асосий вакили ўзини иҳоталаган, аввалроқ қабул қилинган қарор бўйича бутун мамлакатда 19 июлдан карантин чекловлари бутунлай бекор бўлиши керак.

Бу вақтда Буюк Британияда касалланиш кўрсаткичлари шитоб билан ортмоқда. Шанба куни 54,6 мингта янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, ўлим ҳолатлари сони ҳам кундан кунга ўсмоқда, аммо ҳозирча шу йил баҳоридаги кўрсаткичларга қайтилгани йўқ: сўнгги бир кунда коронавирусга чалинган беморларнинг 41 нафари вафот этган.

Шу билан бирга, мобил телефонлардаги касалланганларни кузатувчи илова янада кўпроқ одамларни беморлар яқинидан ўтгани ҳақида огоҳлантириб, ўзини иҳоталаш бўйича хабарномалар юбормоқда. Июль ойининг биринчи ҳафтасида 500 мингдан ортиқ кишига шундай хабарлар борган. Бундан ташқари, бу вақт мобайнида 840 минг ўқувчи дарсларга келмаган.

Шанба куни Лондон метросининг линияларидан бири маълум вақт давомида ишламади, бунга метро ходимларининг жуда кўп қисми ўзини иҳоталаш бўйича тавсия олгани сабаб бўлди. 

Мавзуга оид