Ўзбекистон | 17:50 / 29.07.2021
6257
3 дақиқада ўқилади

20 мингдан зиёд фуқаролиги бўлмаган шахслар қачон фуқароликка қабул қилиниши бўйича изоҳ берилди

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 28 июль куни бўлиб ўтган мажлисида сенатор Рустам Калонов Ўзбекистон ҳудудида 15 йилдан бери яшаётган, лекин фуқаролик берилмаётган шахслар 20 мингдан ошиши, бироқ ҳозиргача фақатгина 2400 кишига фуқаролик берилганини танқид қилди. ИИВ масъул ходимининг айтишича, тегишли тартибда мурожаат қилган шахсларгагина фуқаролик берилади.

«Президентнинг парламентга мурожаатидан кейин ИИВ томонидан Ўзбекистон Фуқаролик тўғрисидаги қонунининг 6-моддасига ўзгартириш киритилди. Унда 1995 йилгача республикага келиб доимий рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқаролик олиши кўзда тутилган эди. Ўзгартиришдан сўнг 2005 йилгача ва ундан кейин Ўзбекистон ҳудудида доимий рўйхатда турган фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни тан олиш масаласи киритилди.

Рўйхатлар шакллантирилган, унга 20 минг 570 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс мурожаат қилган тақдирда уларга фуқаролик берилади. Бугунги кунда 12 минг 984 киши мурожаат қилган, уларнинг 4019 нафарига ID-карталар расмийлаштирилди, қолгани ўрганиш жараёнида турибди.

Қонунга кўра, фуқароликни тан олиш бўйича белгиланган муддат – 3 ой. Лекин 3 ойни кутмасдан 1 ой ичида ID-карталар расмийлаштириб берилди», дея ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Шуҳрат Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

16 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Унга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади. Шунингдек, қонун билан Ўзбекистонда туғилган фуқаролиги бўлмаганларга фуқаролик олиш учун узлуксиз 5 йил яшаш талаби бекор қилинган.

Бундан ташқари, ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Маълумот учун, давлат дастурида 2021 йил 1 майдан Ўзбекистонда 15 йил доимий яшаб келган шахсларга фуқаролик берилиши айтилганди. Бироқ мазкур топшириқ ижроси юқоридаги қонунни қабул қилиш кечиккани туфайли ортга сурилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун билан, 1995 йилга қадар Ўзбекистонга келган ва шундан буён мамлакатда муқим яшаётган шахсларга автоматик тарзда фуқаролик берилиши белгиланиб, бу янгилик ортидан 2020 йилда 8310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.

Мавзуга оид