Ўзбекистон | 07:55 / 29.07.2021
2648
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ярим йилда ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган 

28 июль куни Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлиси ўтказилди. 

Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Шу жумладан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан 166 минг туп атрофида қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлар рад этилиб, сақлаб қолинган.

Мажлисда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларга қарамай дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолганлиги таъкидланди.

Хусусан, президент фармонига мувофиқ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилган. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ бажарилмаган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш топширилган. Аммо бугунга қадар Қўмита томонидан жамоатчиликка бу борада маълумотлар берилмаган, янгидан экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш ишлари ҳам тизимли ташкил этилмаган. 

Кўчатларнинг ягона электрон базасини яратиш ва унга ҳудудларда экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш ишлари эътибордан четда қолган.

2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган.

Мавзуга оид