Деновдаги ноқонуний дарахт кесилишида етказилган зарар миқдори жиноят таркибини берса-да, қонунбузарга нисбатан маъмурий чора кўриш билан чекланилмоқда. Бу ҳолатда ички ишлар ва прокуратура органларининг сусткашлигини қандай баҳолаш мумкин? Нега қонунларга аниқ ва бир хилда риоя қилинмаяпти?
2020 йилдаги бир воқеа прокуратура органларининг аввалги нуфузини эсга солиб юборганди. Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳудудида қурилиш ишлари олиб бораётган компания 81 туп дарахтни кесиб ташлагач, прокуратура дарахтларни кесишга рухсат берган ҳоким ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига жиноий иш қўзғатган, етказилган зарарни қонунбузарлардан 3 баробар (1 млрд. 891,3 млн. сўм) қилиб ундирганди.
Бундан ташқари, ўшанда ноқонуний кесилган дов-дарахтлар ўрнига дарахт кўчатлари ўтқазилганди. Яккасарой туман прокурорига эса туманда қонунлар ижроси устидан етарли прокурор назоратини ўрнатмагани учун ҳайфсан берилган.
Шундан сўнг ҳам кўплаб дарахтлар кесиб ташланди. Аммо “дарахт қотиллари”га нисбатан Яккасаройдагидай кескин чоралар кўрилгани жамоатчиликка маълум эмас.
Масалан, сўнгги вақтларда мамлакат бўйлаб дарахтлар қирғини авж олган бўлса-да, айбдорларга нисбатан ўта либерал, нари борса, маъмурий жавобгарлик чораси кўриляпти. Жиноят иши қўзғатиши лозим бўлган ички ишлар ва прокуратура органлари эса шунчаки томошабин бўлиб турибди холос.

Сурхондарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати ходими Алишер Бобомуродов билан боғланганимизда, Денов тумани ички ишлар бўлими дастлаб бу ҳолатни босди-босди қилиб юборгани, прокуратура бу иш қайта ўрганилишини шахсан назорат қилаётганини маълум қилди. Бироқ, орадан 2 ҳафта ўтса ҳамки, ҳали бу масалада янгилик айтилмади.
Жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланмаётгани боис, деярли ҳар куни республиканинг ҳали у, ҳали бу ҳудудида дарахтлар қирғини давом этмоқда.
Ўзига гард юқтирмайдиган ҳокимлик









