Ўзбекистон | 22:20 / 01.08.2021
52947
5 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ИИБ ходимлари олиб кетган шахс вафот этди. Марҳумнинг укаси унинг уриб ўлдирилганини айтмоқда

Бугун Kun.uz’да Қашқадарёда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро ўлдириб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалгани ва вилоят ИИБ ва Қарши тумани прокуратураси томонидан ўрганилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳодиса тафсилотларини очиқлади. Унга кўра фуқаро ички ишлар бўлимида эмас, балки Қарши туманида жойлашган наркология диспансерида вафот этган. Аммо марҳумнинг укаси акасининг уриб ўлдирилганини айтмоқда.

Маълум қилинишича, Нишон тумани «Каптарли» МФЙда яшовчи аёл Ж.С. 2021 йил 25 июль куни соат 19:30ларда Нишон тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори Х.И.нинг хизмат уйига келган. Инспекторга, эри М.М. Тошкентдан уйга маст ҳолда келиб, қўлига пичоқ олиб жанжал қилаётганини, агарда унга чора кўрмаса, бошқа салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини айтган.

Х.И. фуқаро Ж.С.нинг яшаш хонадонига борган вақтда М.М. маст ҳолда хотинини ҳақорат қилиб, инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Шундан сўнг Х.И. қўшни «Ширинобод» МФЙ профилактика инспектори П.Х.ни чақирган. П.Х. билан «Ширинобод» МФЙда яшовчи жамоатчилик вакили фуқаро Г.А. бирга келган.

Инспектор Х.И. келгусида оилада жиноят содир бўлишининг олдини олиш мақсадида фуқаро Ж.С.га эрини наркология диспансерига мажбурий тартибда ётқизиш бўйича ариза ёзиб бериши лозимлигини тушунтирган. Бироқ фуқаро Ж.С. туман ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб беришдан бош тортган.

Инспектор Х.И. ҳолатни тегишли тартибда ҳужжатлаштириш мақсадида М.М.ни маҳалла биносига олиб бориб, МФЙнинг 2021 йил 25 июль кундаги 2-сонли билдириш хатига асосан, 2021 йил 25 июль куни соат 23:20да Қарши тумани «Мирмирон» МФЙ ҳудудида жойлашган вилоят наркология диспансерига алоқа хати билан чиқиб кўрикдан ўтказган.

Кўрикдан ўтказиш давомида, марҳум М.М.га «мастликнинг ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, танасида жароҳатлар бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш бўйича тиббий кўрик ўтказилган. Тиббий кўрик натижаларига кўра, касаллик тарихи очилиб, врачнинг мажбурий тартибда даволаниш тўғрисидаги йўлланмаси асосида М.М. наркология диспансерига ётқизилган.

Қайд этилишича, 2021 йил 26 июль куни соат 20:45ларда, Қарши туман ИИБга фуқаро М.М. тўсатдан наркология диспансерида вафот этгани маълум қилинган.

Таъкидланишича, 2021 йил 31 июль куни марҳум М.М.нинг укаси М.О. Қарши туман прокуратурасига акасининг ўлими сабабига аниқлик киритишда амалий ёрдам беришни сўраб борган. Унга масъул ходимлар томонидан М.М.нинг ўлими сабаби юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланганини ҳамда ҳозирда ушбу экспертиза хулосаси тайёр эмаслигини айтиб, ўлим сабаблари юзасидан қўшимча маълумот берилиши тушунтирилган.

Дастлабки суриштирувда, марҳум М.М.нинг оиласи «Каптарли» МФЙда нотинч оила сифатида рўйхатга қўйилгани аниқланган. Суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 26 июлдаги маълумотномасида марҳум М.М. «сурункали алкоголизм» натижасида вафот этгани кўрсатилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда профилактика инспекторлари Х.И. ва П.Х.га нисбатан Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда марҳумнинг укаси М.О. акасини олиб кетишга келган профилактика инспектори ўша куни маст ҳолда бўлганини айтмоқда. Бундан ташқари, у акасининг танасидаги кўкарган жойлар зарба натижасида бўлганини ва ИИБ ходимлари уни олиб кетиб урганини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июль куни Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспекторининг ёрдамчилари томонидан калтакланган фуқаро вафот этган. 28 июль куни марҳумнинг хотини томонидан йўлланган видеомурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат прокуратура томонидан назоратга олиниб, икки нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятида бир нафар, май ойида Андижон вилоятида бир нафар фуқаро ИИБ ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилганди. Кейинчалик ҳар икки ҳолатда ҳам суд томонидан айбдор ИИБ ходимларига тегишли жазолар берилган ва улар узоқ муддатли қамоқ жазосини олган.

Қашқадарё вилоятида юз берган ҳодиса юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов «ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас»лигини айтганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид