Тошкент марказидаги боғ ҳудуди бизнес-марказ қуриш учун берилгани маълум бўлди
Марказ-1 даҳасида, Мустақиллик ва Шаҳрисабз кўчалари кесишмасида жойлашган боғ майдонининг каттагина қисми бизнес-марказ қуриш учун берилган. Одатдагидек, шаҳар расмийлари бу ҳақда жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот бермаган. Маҳаллий фуқаролар сердарахт боғнинг келгуси тақдиридан хавотирда.
Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони яқинидаги Le Grande Plaza (собиқ “Тата”) меҳмонхонаси ёнидаги боғ ҳудудининг бир қисми ўтган ҳафта қизил-оқ лента билан ўраб қўйилгани, газонда эса оқ чизиқ пайдо бўлгани маҳаллий фуқаролар эътиборини тортди.
“Болалар дунёси” (“Детский мир”) автобус бекати яқинида жойлашган бу ер – шаҳарнинг аттракционлар ўрнатилмаган саноқли яшил ҳудудларидан бири.
Боғнинг тахминан 50 сотих қисмида бино пойдеворининг тарҳи дея тахмин қилинган лента ва чизиқлар пайдо бўлгач, маҳаллий аҳоли боғ тақдиридан хавотирга тушиб, Экология қўмитасига мурожаат қилган.
Мирзо Улуғбек тумани экология инспектори Хуршид Абдурасулов Kun.uz билан суҳбатда, мораторий амал қилаётган вақтда боғдаги дарахтларни кесишга рухсат берилмаслигини айтди.
“Шаҳрисабз ва Мустақиллик кўчалари кесишувидаги истироҳат боғида қурилиш қилиш мақсадида лойиҳа амалга оширилаётгани ҳақида бизга мурожаат келиб тушди. Шунга асосан, жойига чиқиб ўргандик, дарахтлар хатловдан ўтказилди. Қурилиш ҳудудида 320 дан ортиқ катта ва кичик дарахт ва буталар борлиги маълум бўлди. Боғнинг умумий ҳудудида эса 800га яқин турли дарахт ва буталар мавжуд.
Бизга бу ерда қурилиш қилиниши муносабати билан дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш бўйича расман мурожаат келиб тушмаган. Мурожаат келиб тушса ҳам, бунга қаршилик билдирамиз. Рухсат берилмайди”, – деди экоинспектор Хуршид Абдурасулов.
Боғ ҳудудида тортиб чиқилган лента жамоатчилик норозилиги ва экоинспекторлар ташрифидан кейин кўп ўтмай олиб ташланди.
Дарахтзорда биз суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари бу ерга иморат қурилишига қарши эканини айтишди.
“Айниқса жазирама ёз ойларида бу атрофдаги аҳоли учун жуда керакли масканга айланади. Дарахтлар кўплигини қаранг. Тошкентда қанчадан қанча дарахтлар кесиб ташланди, кесиб ташлашяпти. Бундай жойлар камайиб кетди. Бу хиёбонни ҳам йўқ қилишадими? Биз бунга қаршимиз”, – дейди фуқаролардан бири.
“Шундай сайлгоҳимиз, дарахтлар йўқотилиб ўрнига қанақадир бинолар қурилишини хоҳламаймиз. Ўзи шундоқ ҳам шаҳримизда яшил ҳудудлар камайиб кетди”, – дейди боғда фарзандлари билан ҳордиқ чиқараётган бошқа бир аёл.
“Ёзда болалар ўйнайдиган жой йўқ. Очиқ ҳаво, табиат керак болаларимизга. Шунча қурилиш қилиб ташлашяпти. Кимга керак бу?” – дейди фуқаролардан яна бири.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги боғ ҳудудини инвесторларга берган. Улар кимлар?
Gazeta.uz очиқ манбаларга асосланиб аниқлашича, боғнинг куни кеча чизиқ билан белгилаб чиқилган ҳудуди пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2020 йилнинг 16 мартдаги қарори билан “Metropol Center” МЧЖ қўшма корхонасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган.
Корхона ўзига ажратилган ҳудудда Mirzo Ulugbek Business City лойиҳаси доирасида бизнес-марказ қуриши кўзда тутилган. 2019 йил 24 майида бизнес-сити дирекцияси ва компания ўртасида инвестицион келишув имзоланган.
“Metropol Center” МЧЖ эса мазкур келишув имзоланишидан бир ой олдин – 2019 йил 26 апрелда давлат рўйхатидан ўтган. Корхона “бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа ихтисослаштирилган қурилиш ишлари” билан шуғулланади. Устав фонди – 850 млн сўм.
Корхона таъсисчилари – Дилшод Абдуваҳобович Тошпўлатов (67%) ва Қозоғистоннинг Brand Hub Group (33%) компанияси.
Дилшод Тошпўлатов – Real Dozp, Eurasian Black Aurum, Mega Green Turizm, French Pastry ва Castle Rock Trade компанияларида ҳам ҳиссаларга эга.
Brand Hub Group, kompra.kz маълумотига кўра, 2011 йил август ойида Алматида рўйхатга олинган. Таъсисчилари – VVS Retail Group ва Анна Леонидовна Сорокина. VVS Retail Group 2013 йил июлида рўйхатдан ўтган, манзили Brand Hub Group билан бир хил, таъсисчилари – Ольга Гармашова ва Владимир Сиротин.
Gazeta.uz'нинг эътибор қаратишича, Дилшод Тошпўлатов ва Владимир Сиротинни Metropol Center'дан ташқари, French Pastry компанияси ҳам боғлаб туради, улар – ушбу компания ҳиссадорлари.
Ўзбекистон Геопортали ва Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан олинган маълумотларга кўра, боғнинг бизнес-марказ қуриш учун берилган қисмига ёндош 2 гектарлик ҳудуд (хиёбоннинг бошқа бир қисми) ўхшаш номдаги компания – Metropol Park'га берилган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига асосан, Metropol Center ва Metropol Park компанияларига бир шахс – Азимова Севара Алимжоновна раҳбарлик қилади.
Metropol Park 2017 йил январида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – “ихтисослашган дўконларда майда-чуйда металл буюмлар, лок-бўёқ материаллари ва шишалар чакана савдоси”. Устав фонди – қарийб 985 млн сўм.
Корхонанинг 66,7 фоизлик таъсисчиси – Orient Finans Bank кузатув кенгаши раиси Парпиев Бобир Батирович. Қолган 33,3 фоизлик улуш Филиппова Варвара Анатолевнага тегишли
Mirzo Ulugbek Business City
2018 йил августида “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинган эди. Қарор асосида қурилажак бизнес-марказларнинг инвесторларига имтиёзлар берилганди.
2019 йил февралига келиб, Тошкент марказида 6,5 км масофада баланд бинолар қад ростлашини кўзда тутувчи йирик лойиҳа – Mirzo Ulugbek Business City ҳақида эълон қилинган эди.
Лойиҳа Амир Темур хиёбонидан “Буюк ипак йўли” метро бекати орқали Губкин номидаги Россия нефт-газ университети филиалигача бўлган оралиқда амалга оширилиши кўзда тутилганди.
Ўшанда ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвесторларни ушбу бизнес-сити лотлари учун танловда қатнашишга чақирган, лойиҳанинг умумий майдони 29 гектарни ташкил этишини айтганди.
Mirzo Ulugbek Business City бўйича кейинчалик жамоатчиликка бошқа маълумотлар тақдим этилмади. Лойиҳанинг ҳозирги ҳолати бўйича ҳам маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига қарши мораторий амал қилмоқда.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:40 / 08.11.2024
“Дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида” – IUCN
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
20:35 / 07.11.2024