Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудларда ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ муаммолар бўйича Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига мурожаат қилди. Бу ҳақда Kun.uz'га кенгаш раиси ўринбосари Исроил Тиллабоев маълум қилди.
Ўқитувчилар мажбурий тиббий кўрикнинг пулли эканидан норози
Мурожаатда айтилишича, ХТВ тизимидаги педагог ходимлар неча йиллардан буён ҳар йилги мажбурий тиббий кўрик учун ўз ёнларидан пул тўлаб ўтишаётганидан норозилик билдиришмоқда. Жамоатчилик кенгашига 100 нафардан ортиқ ўқитувчи шу масалада мурожаат йўллаган.
“Қонун ҳужжатлари билан педагог ходимлар учун давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) белгиланганига қарамасдан, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимлари томонидан ноқонуний равишда пул талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бунга сабаб сифатида, ҳудудий молия бошқармалари томонидан тиббий кўрик учун тегишли маблағ ажратилмагани каби важлар келтирилмоқда. Аслида бу маблағ жойлардаги ҳудудий молия бошқармалари томонидан қоплаб берилиши лозим.
Педагог ходимларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бепул тиббий кўрикдан ўтиши борасидаги муаммоларнинг барҳам топишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”, – дейилади мурожаатда.
Судда ўқитувчилар ютиб чиққан
Тиллабоевнинг маълум қилишича, республикадаги давлат мактабларида қарийб 500 минг нафар ўқитувчи фаолият юритади ва уларнинг ҳар бири, ҳар ўқув йили аввалида тиббий кўрикдан ўтиш учун ўз ёнидан 150 минг сўм атрофида пул тўлашга мажбур бўлади.
Яна бир маълумот, бир йил аввал Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 6 нафар ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасини айни шу масалада судга берган ва судда ютиб чиққан. Натижада фақат ўша 6 нафар ўқитувчининг тиббий кўриги бепул амалга оширилган, холос.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра, умумтаълим мактабларида бевосита болаларга таълим-тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги











