Жамият | 19:52 / 20.08.2021
2538
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда тез тиббий ёрдам машинасини маст ҳолда бошқариб кетаётган ҳайдовчи аниқланди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида «Дамас» тез тиббий ёрдам машинасини маст ҳолда бошқариб кетаётган ҳайдовчи аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил 19 август куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл патруль хизмати ходимлари сафдор А.Комилов ҳамда А.Ғаффоров кунлик хизматини тугатиб уйга қайтаётганда давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-105 автомобилл йўлининг 24-километрида ўзлари билан бир йўналишда ҳаракатланаётган давлат рақами 75 181 РАА бўлган «Дамас» русумли тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси ўзининг ҳаракатлари билан инспекторларда шубҳа уйғотган.

Қайд этилишича, «Дамас» тўхтатиб текширилганда ҳайдовчининг тегишли ҳужжатлари йўқлиги аниқланган. Бундан ташқари, ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келиб турган. Шундан сўнг инспекторлар ҳайдовчини Бойсун тумани марказий шифохонасининг наркология бўлимига олиб бориб тиббий кўрикдан ўтказганида ҳайдовчи маст ҳолда эканлиги аниқланган.

Таъкидланишича, инспекторлар томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135- ва 131-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, «Дамас» вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Мавзуга оид