Ўзбекистон | 20:13 / 30.08.2021
19415
5 дақиқада ўқилади

Баъзан тўйга ҳам велосипедда боришади: Балиқчидаги спортга ошно маҳалла

Балиқчи туманининг Жасорат маҳалласида энг кўп фойдаланиладиган транспорт воситаси – велосипед. Маҳалла аёллари ва ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланишини ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин.

Балиқчи тумани Жасорат маҳалласидан йўл-йўлакай ўтиб кетаётиб, кўчада жуда кўп қиз-аёлларнинг велосипед миниб юрганини кўриб, ҳайрон бўлгандик.

Автоуловдан тушиб маҳалла кўчаларини кузатаётганимизда шу ерлик отахон – қишлоқ аёллари тонгда велосипед миниб сайрга чиқишлари, бозор-ўчар, дўкон, кундалик юмушлар, ишга ва ҳатто тўйга боришга ҳам икки ғилдиракли транспорт воситасидан фойдаланишини айтгач, қишлоққа алоҳида мақола тайёрлаш учун келишимизни айтдик.

Дарҳақиқат, Жасорат маҳалласи аёл-қизларини соғлом турмуш тарзига амал қилувчилар ёки велоспортчи аёллар деб аташ мумкин. Тонг пайти аёллар саломатлик учун велосипедда сайрга чиқади.

Бизни ҳайрон қолдиргани ёши улуғ онахонларнинг ҳам велосипед спорти билан шуғулланиши бўлди. Улардан бири – 80 ёшли кайвони Нодира Имомова.

“Эрталаб бомдод намозини ўқиганимдан сўнг велосипедни олиб сайрга чиқаман. Маҳаллада мен сингари спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган аёллар жуда кўп. Ёшим саксонга яқинлашиб қолди. 12 ёшимда велосипед минганман. Мана шу кўриб турган велосипедим адашмасам ўн еттинчиси. Тўғриси, ёш 14-15 ёшли қизлар билан велосипедда мусобақалашсам ютаман. Спортнинг шарофати билан ҳеч ким мени саксон ёшда деб ўйламайди”, – дейди Нодирахон она Имомова.

Кўчада турли юмуш билан велосипед миниб юрган аёлларни кўрдик. Мадинахон Каримова ҳар куни фарзандларини боғчага икки ғилдиракли дўстида олиб борар экан.

Яна бир онахон, фахрий ўқитувчи Мавлудахон Юсупова 42 йил олдин маҳаллага келин бўлиб тушгач, велосипед минишни ўрганишига тўғри келганини айтади.

“Ўқитувчиман. Янги келинлигимда фарзандимдан хабар олгани мактабдан дарсларим орасида уйга пиёда бориб келардим. Қаёнотам: “Велосипед мининг. Йўлингиз яқин бўлади”, дегач, велосипед минишни ўргандим”, – дейди Мавлудахон Юсупова.

Муяссархон она Қодирова анча йиллар олдин, оёғи ревматизм бўлганида велосипед минишни бошлагани, бу одати соғлиги учун катта фойда бўлганини айтди.

Жасоратликлар нафақат велосипед, балки қатор спорт турлари билан ҳам шуғулланиб туради. Айниқса аёллар. Уларнинг маҳалладаги спорт зали ва майдонида жам бўлиб, волейбол ва гимнастика билан шуғулланаётганини тасвирга олдик.

Маҳалла аёллари туман, вилоят ва республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни олиб келишяпти.

Спорт маҳалла ёшлари ўртасида ҳам оммалашган. Улар орасида вилоят терма жамоасига жалб қилинган спортчилар ҳам талайгина.

Ёш спортчилар Муаттар Шермонбоева ва Мафтуна Набиевалар кунига икки маҳал спорт залида машғулотлар ўтишини турли йўналишлардаги мусобақаларда мунтазам қатнашиб келишларини айтишди.

Маҳалла спорт мажмуасида аҳоли билан мураббийлар оиласи бўлган Турғуновлар оиласи шуғулланади. Эрталабки машқларни Муқаддамхон Турғунова ўтишни бошлайди, сўнг унинг турмуш ўртоғи Ғофиржон ака ёшлар билан шуғулланади.

“Маҳаллага стадион қурилганида уйим стадионга яқин бўлсин деб уйимни сотиб, яқинроқдан уй олганман. Аёлим ҳам мураббий. Қанча чемпионларни вояга етказдик, ҳисоби йўқ. Айниқса ёши улуғ аёллар билан жуда кўп совринлар олганмиз.

Яқинда бўлиб ўтган мусобақада вилоят ҳокими ҳаммамизга биттадан телевизор совға қилганди. Балки мана шу кўрсатувдан сўнг онахонларга биттадан велосипед совға қилинар”, – дея ҳазиллашади мураббий Ғофиржон Турғунов.

Мақола сарлавҳасида айтилганидек, бундай маҳалла бошқа ерда йўқ. Лекин мана шундай – спортга ошно, эрта тонг ёки кечки пайт аёллари ва эркаклари ёшларга қўшилиб саломатлик учун ҳаракат қиладиган маҳаллалар кўпайишини хоҳлар эдик.

Мақоламизни 80 ёшли Нодирахон ая “Ўзбекистонни барча аёллларига етказинг” дея илтимос қилган сўзлари билан тугатамиз:

“Ўзбегим аёллари, ўзингиз учун кунига бир соат спорт билан шуғулланинг. Велосипед мининг, юринг-югуринг, гимнастрада билан шуғулланинг. Сиз ўзингиз, оилангиз учун доим соғ ва саломат бўлишингиз керак!”

Элмурод Эрматов,

Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид