Ўзбекистон | 21:17 / 10.09.2021
10191
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев селекторида БАА вазири ҳам қатнашди. Президент унга “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси учун миннатдорлик билдирди

Бугун, 10 сентябр куни таълим соҳасига оид видеоселектор йиғилишида Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат вазири Муҳаммад Абдулла ал-Гергави ҳам иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ахборот технологиялари ва яшил энергетика соҳасида БАА кўрсатаётган кўмак учун меҳмонга миннатдорлик билдирди.

“Биз рақамли иқтисодиётни келгуси беш йилда мамлакатимиз тараққиётининг асосий драйвери сифатида белгилаб олдик. Бу борада, барча соҳа ва ҳудудларда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бошланди.

Жумладан, ҳозирга қадар ҳудудларда 89 та, тармоқларда 200 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Жорий йил 8 ойида ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотлар ҳажми 2,4 бараварга, уларнинг экспорти 3,3 бараварга ошиб, 26 миллион долларга етди.

Келгуси 3 йилда иқтисодиёт соҳаларида яна 300 та янги лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу борада, Дубай Келажак Фонди иштирокида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини бошладик.

Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 567 минг ёшлар учун бепул таълим олиш имконияти яратилиб, уларнинг 217 минг нафари сертификатларни қўлга киритдилар.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасини самарали амалга оширишда, Бирлашган Араб Амирликлари иштироки катта аҳамият касб этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодасига айланди.

Фурсатдан фойдаланиб, замонавий ай-ти, қайта тикланувчи энергия манбалари каби энг илғор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Янги Ўзбекистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматига ташаккур изҳор қиламан.

Жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат вазири Муҳаммад Абдулла ал-Гергави жанобларига “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга оширишда кўрсатаётган шахсий кўмаги учун алоҳида миннатдорчилик билдираман”, – деди президент.

“Сизга ва Ўзбекистон халқига самимий саломимизга етказмоқчиман. 2019 йилда бошланган ҳамкорлигимиз самарали давом этмоқда. “1 млн дастурчи” лойиҳаси бўйича ҳам ёшларимиз қизиқиши жуда катта” деди Муҳаммад Абдулла ал-Гергави.

Мавзуга оид