Ўзбекистон | 19:45 / 13.09.2021
52118
2 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси раиси UzAuto билан судлашувни давом эттириш бўйича саволга жавоб қайтарди

2020 йилда Монополияга қарши кураш қўмитаси монополист  компания автомобилларини ташқи бозордагидан 30-40 фоизга қиммат сотаётгани, берилган имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланмаганини маълум қилгач, UzAuto билан судлашган эди. Қўмита судда компанияга ютқазган.

13 сентябрь куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қўмита раисига UzAuto билан судга оид савол берилди.

“Бир йил олдин Антимонопол қўмитаси UzAuto билан нархлар бўйича судлашиб ютқазган эди. Қўмитангизни завод обрўсини туширишда, популистик эълонлар беришда айблашди. 20 август куни тадбиркорлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев завод чет элдан кўра Ўзбекистонда машиналарни (30-40 фоиз) қимматга сотаётганини айтди. Давлат раҳбарининг сиз билан ҳамфикрлигидан далда олиб суд ишларини давом эттирасизми?” – дея савол берди журналист.

Қўмита раиси Шоҳрух Шораҳмедов завод қўмита хоҳлаган йўналишда ишлаётганини айтди.

“Бу масалада суд қарори кучга киргач, биз бу қарорни ижро этишга мажбурмиз. Лекин иш тўхтаб қолмади. Компания томонидан ҳам ишлар олиб борилмоқда, хусусан, компания трансформация тўғрисида маълум қилди. Биз улар билан алоқадамиз. Ҳозирча компания биз хоҳлаган йўналишда иш олиб бормоқда. Ўзбекистонда бошқа заводлар ҳам ишга тушиши режалаштирилмоқда, машиналар импорти осонлаштирилди.

Икки томонлама иш олиб борилмоқда, трансформация бошланган, иккинчидан, бошқа заводлар очилган. Биз томондан ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда”, – деди раис. 

Эслатиб ўтамиз, монополияга қарши кураш қўмитасининг аввалги раиси Нажмиддинхўжа Шарипов 2021 йилнинг мартида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Шоҳрух Шораҳмедов тайинланганди.

Мавзуга оид