Жаҳон | 19:12 / 24.09.2021
10467
4 дақиқада ўқилади

Америкалик конгрессменлар Россияга қарши санкцияларни маъқуллади

АҚШ россиялик 35 нафар шахсга санкциялар жорий қилиши мумкин. Улар орасида Алишер Усмонов ва Роман Абрамович каби тадбиркорлар, шунингдек, мамлакат бош вазири Михаил Мишустин ҳам бор.

Фото: EPA

АҚШ Конгрессининг Вакиллик палатаси сиёсатчи Алексей Навальнийнинг шериклари томонидан тақдим этилган рўйхатдаги 35 кишига қарши санкцияларни қўллашни таклиф этувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Ҳелсинки комиссияси аъзоси Пол Массаро Twitter’да ёзган.

Рўйхатдаги номлар орасида тадбиркорлар Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Геннадий Тимченко ва Олег Дерипаска, «Роснефть» раиси Игор Сечин, «Газпром» раҳбари Алексей Миллер, Россиян тижорат банки президенти Андрей Костин, «Первый канал» бош директори Константин Эрнст, шунингдек, бош вазир Михаил Мишустин, қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев, соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин, ФХХ директори Александр Бортников ва президент матбуот котиби Дмитрий Песков бор.

Бундан ташқари, рўйхатдан Марказий сайлов комиссияси аъзоси Элла Памфилова, Москва мэри Сергей Собянин, Москва области губернатори Андрей Воробёв ва Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ҳам жой олишган.

Ушбу қонун лойиҳаси Конгресснинг тўлиқ таркиби томонидан маъқулланса, санкциялар жорий қилиш бўйича якуний қарор Жо Байден администрацияси томонидан қабул қилинади.

Қўшма Штатларда бу борада «Магнитский қонуни» мавжуд. Бу қонун АҚШнинг инсон ҳуқуқлари бузилиши сабаб санкциялар жорий қилишини назарда тутади.

Федерал Кенгашнинг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Владимир Жабаров РИА Новости нашрига берган интервьюсида АҚШ янги санкциялар қўлласа, Россия жавоб беришини таъкидлаган. «Жавоб Вашингтон учун сезиларли бўлиши мумкин», деган сенатор.

Россия ҳукумати бир неча бор инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги айбловларни рад этиб, АҚШ томонидан қабул қилинган «Магнитский қонуни»ни танқид қилиб келади. Қўшма Штатлардан кейин шунга ўхшаган қонунлар Буюк Британия ва Европа Иттифоқи қонунчилигида ҳам пайдо бўлди.

Маълумот учун, россиялик мухолиф сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний айни пайтда қамоқда. «Ив Роше» иши доирасида 2014 йилда Алексей ва унинг укаси Олег фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинганди. Улар фирибгарлик ва пул ювишда айбланган. Навальний ўшанда шартли равишда 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ва унинг синов муддати 2020 йил 30 декабрда ўз ниҳоясига етди. 2017 йил Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Навальнийнинг ишида Европа конвенцияси талаблари бузилганини эълон қилганди. Агар Симоновский суди чиқарган ҳукм кучида қоладиган бўлса, Навальний 2023 йилнинг октябрида озодликка чиқиши мумкин.

Аввалроқ ҳам «Навальний иши» доирасида Россия ҳукуматининг бир қанча вакилларига санкциялар жорий қилинганди. Хусусан, 2 март куни АҚШ Россия расмий шахсларига нисбатан санкциялар киритганди. АҚШ Россиянинг кимёвий ва биологик моддалар ишлаб чиқарилишига алоқадор 14та ташкилотига қарши чекловлар киритган.

Бундан ташқари, 2 март куни Навальний билан боғлиқ вазият сабабли Европа Иттифоқининг Россия мансабдор шахсларига нисбатан санкциялари ҳам кучга кирган. Расмий Брюссель Россия тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, бош прокурор Игор Краснов, Росгвардия директори Виктор Золотов ва ФСИН раҳбари Александр Калашниковга қарши санкциялар жорий қилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид