Жамият | 18:34 / 31.10.2021
42092
7 дақиқада ўқилади

“Бу биз учун оддий ҳол” — сурхондарёликлар қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳақида

“Қариндошларимиз ўртасида қурилган оилалар шунчалик кўпки, қайси бири қанақа қариндошлигини эслаб қолиш ҳам қийин. Масалан, амаким синглисига қиз берган, тоғам холам билан қуда бўлган...”

Фото: Kun.uz

Яқинда Давлат хизматлари агентлиги қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳлар бўйича статистикани эълон қилди. Унга кўра, қариндошлар ўртасида энг кўп никоҳ Сурхондарё вилоятига тўғри келади.

Kun.uz Сурхондарёда қариндошлар ўртасида никоҳ сони нима сабабдан юқори экани, оила қуришда қандай урф-одатлар борлиги ҳақида уч нафар сурхондарёлик хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

“Шунчаки одатий ҳол”

Аноним суҳбатдош қиз, 24 ёшда, магистратура талабаси, турмушга чиқмаган:

— Бизда қариндошлар ўртасидаги никоҳга одатий ҳол сифатида қарашади. Ўзимизнинг қариндошларимиз ўртасида қурилган оилалар шунчалик кўпки, қайси бири қанақа қариндошлигини эслаб қолиш ҳам қийин. Масалан, амаким синглисига қиз берган, тоғам холам билан қуда бўлган. Нафақат ҳозирги ёшлар, ота-оналаримизнинг ўзлари ҳам асосан қариндошлар ўртасидаги никоҳ асосида оила қуришган. Энг камида, кўпчилик оила қурганлар бир-бирига узоқ қариндош.

Лекин ҳозир бизнинг қариндошларимиз оилалари ўртасидаги никоҳларни тўхтатиш ҳаракатида. Шундай бўлса-да, атрофимиздаги одамлар, қўшниларимиз, қишлоғимиздагилар қариндошларига қиз беряпти.

Лекин мен қариндошимга турмушга чиқишни хоҳламайман. Ҳам ногирон фарзандлар туғилиши эҳтимоли борлиги, ҳам эртага мен сабабли ота-онам билан қайсидир қариндошининг муносабатлари ёмонлашишидан қўрқаман.

 “Қариндош синалган, ўзимизники”

Аноним суҳбатдош аёл, 50 ёш:

— Етти ёт бегона одамларга қиз бергандан кўра, ўзингиз яхши билган, таниган қариндошга қиз бериш маъқулроқ, деб ўйлайман. Бегона одамлар эртага қизимизни қайтариб юборса нима бўлади. Қариндошлар эса синалган, ўзимизники.

Фарзандларимиз ҳам соғлом туғилишяпти. Фақат баъзи-баъзида қариндошлар ўртасида никоҳ сабаб фарзанди ногирон туғилибди, деган гапни эшитиб қолмасак, лекин фарзандларимиз соғлом, эгизаклар кўп.

Қизлар олдиндан “банд қилиб” қўйилади

Бизда майда-майда (ёши кичик) қизлар ҳам олдиндан “банд қилиб” қўйилади. Тўғри, ҳозир вазият жудаям олдингидай эмас. Қизлар катта бўлгунча олдиндан оғиз солиб қўйиш ҳақида камроқ ўйлашяпти. Лекин барибир тўйларда, маъракаларда қизларни кўриб, келинликка танлаб қўйиш одати бутунлай йўқолмаган.

Яқинда бир қариндошимиз ўғлини уйлантириш учун анча пайт қиз қидирди. Маъракалардан бирида келин излаётган аёлга ўзининг жиянини тавсия қилишди. Шу билан қиз ўзининг аммасининг ўғлига келин бўлиб кетди, катта тўй қилиб беришди. Амманинг ўзи ҳам вақтида қариндошига келин бўлган.

17-18 ёш қизларнинг тўйи бўляпти

Бу йил ўқишга ҳужжат топширмаган ёки ўқиш нияти бўлмаган 2003-2004 йилларда туғилган (17-18 ёш) қизларнинг тўйи бўляпти. Ундан катталар узатилиб бўлди деярли. Қўшнимиз 9-синф қизини холасининг ўғлига унаштириб қўйди яқинда. Бизнинг дўконимиз бор, ўша қиз мактабга бориш-қайтишда у-бу нарса олгани дўконга кириб қолади, ҳар кўрганда “энди ўқигани билан нима бўларди, барибир мактабни битириши билан турмушга чиқади”, деб ўзимча ўйлаб қўяман.

17-18 ёшли қизлар ҳали ёш бола бўлади. Лекин ҳайрон қоларлиси, қизлар турмуш қургандан сўнг оилани, рўзғорни эплаб кетишади. Ўқимагандан, рўзғордан бошқа ташвиши йўқ бўлгандан кейин ўрганишга қийналмаса керак.

“Ўзбакка қиз бердингми, дейишади...”

Аноним суҳбатдош, 23 ёшда, магистратура талабаси, ҳали турмушга чиқмаган:

— Менинг миллатим – тожик. Термизда тожик миллатига мансуб аҳолининг сони ўзбеклар билан деярли тенг. Тожикларнинг ўзи ҳам 3та уруғга ажралади: панжоби, сайробий, дарбандий.

Қизларни узатаётган пайтда одамлар, аввало, тожикларнинг ҳам шу 3та уруғига алоҳида аҳамият қаратади. Масалан, панжобилар панжобига қиз беришга имкон қадар ҳаракат қилади, агар яхши номзод чиқмасагина кейин бошқа уруғ ҳақида ўйлаб кўришади. Ҳатто панжоби уруғи ҳам бир нечта тармоқларга ажралади: мен фақат саноний, шейхоний, шихистонагий тармоқлари ҳақида биламан. Мен санонийман, тожикларнинг санонийлари ўзларини яхши деб билади, шунинг учун улар иложи борича санонийларга қиз беришни хоҳлайди.

Термизда тожиклар қизларини иложи борича бошқа миллат вакилига беришмайди. Ўзбекларга турмушга чиққанларни “Ҳа, қизингни ўзбакка бердингми? Тожикдан куёв топилмадими?” деб маломат ҳам қилишади.

Ўз навбатида, ўзбеклар ҳам тожикларни жанжалкашроқ, шаддод деб билади. Замонавийроқ оилалар ўзбеклар ёки бошқа миллатларга қиз узатмаса, кўпчилик бошқаларга қиз беришни унча хушламайди.

Бизда менга ёқмайдиган яна бир жиҳат: қизларни турмушга беришса, ёши катта қариндошларнинг ҳаммасига куёв ёқиши керак. Лекин ота-онам мен учун қарор қабул қилишини хоҳлайман. Аммам, амаким, яна бошқалар тақдиримни ҳал қилишлари тўғри эмас.

“Ришталарни мустаҳкамлаш учун”

— Яқин 10 кун олдин уйдагиларим қўнғироқ қилиб янгамнинг укасига узатишмоқчи эканини, бундан “ҳамма хурсанд” эканини, менинг розилигим шартмаслигини, фақат огоҳлантириб қўйишмоқчи эканликларини айтишди. Ҳамма деганда амакиларим, аммаларим, бувим ва бошқа қариндошларимни назарда тутяпман.

“Ўзимизнинг уруғдан, қариндошимиз – ҳамма шу номзодни маъқуллаяпти”, дейишди. Тўғриси, жуда хафа бўлиб кетдим. Мен у одамга турмушга чиқишни умуман хоҳламайман. Уйдагилар мажбурлашгани учун ўзимни мажбурлаб гаплашиб кўрдим. Фикрим ўзгармади, сабаби у йигит олий маълумотли эмас, мен учун бу ҳам муҳим эмас, бироқ у умрида бирор китоб ўқиб кўрмаган. “Бирор китоб айтинг ўқишга, ишхонадан ҳар ой китоб ўқинглар деб мажбурий қилиб қўйишди”, деди...

Мен китобларни яхши кўраман, ҳатто умрида китоб ушлаб кўрмаган, бирор нарсани муҳокама қила олмайдиган одам билан қандай қилиб бутун умрга ҳаётимни боғлашим мумкин. Қатъий қаршилик қилганим учун ҳозир оиламдагилар мендан хафа.

“Керакли хулоса чиқаришмаяпти...”

Қариндошлар ўртасида бир уруғдан бўлгани учун қиз бериш, қиз олиш ҳолатлари кўп учрайди. Шу сабаб қариндошларимиздан бирининг 14 ёшли боласи ногирон, жисмоний ва ақлий жиҳатдан яхши ривожланмаган. Лекин, ажабланарлиси, катталар бундан керакли хулосани чиқариб олмаган.

Бундан ташқари, яқин қариндошлар қуда бўлиб ўртадаги низо сабаб муносабатлари бутунлай узилиб кетганлар ҳам бор. “Қариндошлик ришталарини яна ҳам мустаҳкамлаш учун...” деб қуриладиган оилалар ришталар узилиб кетишига сабабчи ҳам бўлади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид