Ўзбекистон | 21:39 / 01.11.2021
39110
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар ва шифокорлар ойлигини босқичма-босқич ошириш кераклигини айтди

Президент 2022 йилги давлат бюджети муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Кейинги йил республика бўйича 40та янги мактаб қуриш, камида 80 минг талабанинг ижара тўловига ёрдам бериш кўзда тутилган. Ўқитувчи ва шифокорларнинг ойликларини босқичма-босқич ошириш, коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш бўйича топшириқ берилди. Онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигар кўчириш каби дастурларга 1 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Расмий релизга кўра, келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши мўлжалланган. Давлат раҳбари бу маблағга қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Бу маблағлар 55 та янги дастурни амалга оширишга йўналтирилади. Жумладан, чекка жойларда 1 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ва компьютер синфлари очиш кабилар режа қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бакалавриатда давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабанинг ижара харажатлари бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигар кўчириш каби дастурларга йўналтирилади.

Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов
Фото: Президент матбуот хизмати

Президент муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилди.

Қайд этилишича, давлат бюджети лойиҳасида уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод қилиш учун 26 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

“Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун темир интизом билан, давлат харидлари тизимида ошкораликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Молия вазирлигига келгуси йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий комплекси раҳбари, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров
Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар бўлган.

Мавзуга оид